USLUBIY KO’RSATMA

SMALL BUSINESS ECONOMICS – ТАДБИРКОРЛИК ФАНИ БЎЙИЧА ЕТАКЧИ ЖУРНАЛ.

10/12/2021

Йиртқич журналлардан сақланиш ва тер тўкиб эришган илмий натижаларингизни зое қилмаслик учун хақиқий нуфузли журналлар қандай ишлаши ва илгор илмий тадқиқотлар қандай олиб борилиши хақида яхши тушунчага эга бўлиш жуда мухим ахамиятга эга. Шунинг учун хам биз бу лойихамизда нафақат маълум шубхали фаолиятлар хақида сизлар билан ўртоқлашиб борамиз, балки илм жамхасида етакчи бўлган журналлар хақида хам сўз юритишга харакат қиламиз.

Тадбирколик сохасида энг етакчилардан хисобланган Small Business Economics журнали мухарририяти аъзолари томонидан яқинда бу журналда чоп этилиш учун нималарга этибор бериш хақида маслахатларини тўплаб қисқа мақола чиқарилди. Бу мақола барча қизиққанлар учун очиқ эълон қилинган (open access), яъни обуна бўлишингиз шарт эмас. Барча ёш олимларга ушбу мақолани тавсия қиламиз: https://doi.org/10.1007/s11187-021-00518-0.

Шу билан бирга, журналнинг YouTube каналидаям айнан шу мақола хақида муаллифлар билан қисқа сухбат хам эълон қилинган.

Илму-фан ижод йўлида машаққатсиз ютуқларга эришиб бўлмайди. Шунинг учун хам осонлик ва тезликни ваъда қилувчиларга ишонманг. Хақиқий сифат ва нуфузга интилинг, йиртқичлардан йироқ бўлинг.

И.Қорабоев, Н.Юсупов

ЙИРТҚИЧ КОНФЕРЕНЦИЯЛАР ХАМ ФАОЛ.

10/11/2021

Йиртқич журналлар, конференциялар, нашриётлар халигача ёш ва тажрибаси кам тадқиқотчиларнинг пулини ўндиришга фаол харакат қилиб келмоқда. Албатта, Билл руйхати каби манбалар йиртқич нашрлардан узоқ туришга ёрдам берсада, барча йиртқичларни ягона рўйхатда қамраб олишнинг афсуски иложи йўқ. Шунинг учун хам биз бу лойихамизда ривожланган мамлакатларда ўрин олган мухокамаларни ва тажрибали олимларнинг шу масалага тегишли чиқишларини сиз билан ўртоқлашиб борамиз. Бугунги постимизда, диққатингизга 2017 йилда Aesthetic Surgery Journal журналида чоп этилган мақолани хавола этмоқчимиз.

Ушбу мақоланинг муаллифи, Федра Кресс, йиртқич конференциялар хақида гап юритади, ва уларнинг асосий белгиларини қуйидагича изохлаб беради:

• конференция эълонлари грамматик ва синтактик хатоларга эга, умуман олганда матнлар жуда паст сифатли инглиз тилида ёзилган, бу асосий белгисидир

• конференцияга таклиф ўта таъсирчан ва потенциал иштирокчиларнинг эгосини кўзғатадиган услубда ёзилган

• нашриёт/журнал мухаррирлари сифатида, мавжуд бўлмаган ёки алоқадор бўлмаган олимларни кўрсатади

• вебсайтида “under construction” (яъни «сахифа айни пайтда қурилмокда») деган сахифалар кўп булади

• журнал ёки нашриёт олдин бирорта хам мақола еки журнал сони чоп этмаган

• хақиқий жойлашган жойини бекитиш мақсадида ўз манзили сифатида АҚШдаги (ёки бошқа ривожланган мамлакатда) адрес кўрсатилган

• боғланиш учун маълумот учун текин имейл хизмати (яъни gmail, hotmail, ва х.к.) кўрсатилган

• топширилган мақолалар жуда тез муддатда (1-2 хафта ичида) кўриб чиқилиши ваъда берилган

• нашриёт ўзини нотижорат ширкат сифатида тақдим қилган, аммо бунга хеч қандай далил келтирмаган

• журнал номи тегишли сохада мавжуд бўлган нуфузли журнал номига ўхшаб тузилган

• журнал ёки нашриёт энг зўр мақола ёки тадқиқот учун соврин ёки мукофот ваъда берган, аммо бу ваъдалар хеч қачон амалга оширилмайди

• конференцияга хохлаган мавзуда мақола топширишингиз мумкинлиги иддао қилинган, хаттоки сизнинг сохангизга тегишли бўлмаса хам

Шу билан бирга, муаллиф айрим йиртқичлик фаолияти билан шуғулланувчи ташкилотларнинг рўйхатини ўз ичига олган қуйидаги жадвални тақдим қилган (конференция номига боссангиз расмий сахифаси очилади). Шуни айтимишиз керакки, мақолада бу жадвалдаги айрим ташкилотлар учун аниқ бир йилда ўтқазилган конференциялар учун хавола келтирилган. Мақола 2017 йилда чоп этилгани учун муштарийларимиз учун айнан ўша пайтдаги воқеаларнинг ахамияти паст бўлиши эхтимоли бор. Шунинг учун хам биз, тегишли хаволаларда фақат асосий домейн манзилини қолдирдик.

Жойлашган мамлакати/худудиНоми
ХитойOAE Publishing
Кипр, ПольшаGlobal Academic Network (GAN)
Хиндистон, РуминияConference Series LLC
Хиндистон, РуминияOMICS Group
ЯпонияGlobal Conference on Engineering and Applied Science
ЯпонияInternational Academy Institute (IAI)
ЯпонияInternational Conference on Education, Psychology and Society (ICEPS)
Малайзия, ИндонезияAcademic Fora
ФилиппинInternational Conference on Education, Psychology and Society (ICEPAS)
ТайваньHigher Education Forum (HEF)
ТайваньInternational Business Academics Consortium (iBAC)
ТайваньInternational Conference on Life Sciences and Biological Engineering (Organized by HEF)
ТайваньInternational Symposium on Engineering and Natural Science (ISEANS)
Таиланд, ЯпонияUniversal Academic Cluster (UAC)
Бирлашган Араб АмирликлариInternational Conference on Traffic and Transportation Psychology (ICTTP) (Organized by WASET)
Бирлашган Араб АмирликлариScience Publications
Бирлашган Араб АмирликлариWorld Academy of Science, Engineering and Technology (WASET)

Юқоридаги маълумотлар биз бу лойихамизда ўртоқлашиб келган фикрларни тасдиқлашига шубхамиз йўқ. Йиртқичлардан огох бўлинг, ва турли «акция» ва «реклама»ларга диққатингизни сарфламанг. Батафсил маълумот учун, Федра Кресс мақоласи билан танишишингизни сўраб қоламиз:

Cress, Phaedra (2017). «Are Predatory Conferences the Dark Side of the Open Access Movement?», Aesthetic Surgery Journal, 37(6), pages 734–738, https://doi.org/10.1093/asj/sjw247

И.Қорабоев, Н.Юсупов

AND THE NOBEL PRIZE GOES TO…!

11/10/2021

Бир неча дақиқа олдин, Швеция пойтахтида, иқтисодиёт фани бўйича бу йилги Нобел мукофоти совриндорлари эълон қилинди. Бу мукофот, шахсан Алфред Нобел томонидан эмас, балки Швеция марказий банки томонидан таъсис этилган, ва номиям Нобел мукофоти эмас, балки Алфред Нобел хотирасига бағишланган мукофот деб юритилади. Аммо, норасмий равишда, иқтисодиёт фани бўйича Нобел мукофоти деб аталади.

Бу йилги мукофот учта АҚШли олимга берилди. Уларнинг исмлари Давид Кард, Жошуа Энгрист ва Хидо Эмбенс. Уларнинг ушбу мукофот орқали эътироф қилинган тадқиқотлари статистик маълумотларни тахлил қилишда табий экспериментлардан фойдаланишга бағишланган. Бугун эконометрика куни!

Шуни айтиб ўтиш лозимки, Жошуа Энгрист нафақат ўз тадқиқотлари билан, балки эконометрика фани бўйича ёзган методологик китоби билан хам машхур. Унинг Mastering ‘Metrics китоби дунёдаги барча иқтисодиётчи аспирантларга таниш бўлса керак.

Бу йилги Нобел мукофоти хақида батафсил Нобел кўмитаси сайтидан билиб олсангиз бўлади: https://www.nobelprize.org/. Ёки совриндорларнинг бири, Проф. Хидо Эмбенснинг ўзидан эшитинг:

И.Қорабоев, Н.Юсупов

ИҚТИСОДИЁТ ФАНИДАГИ НУФУЗЛИ ИЛМИЙ ЖУРНАЛЛАР ХАҚИДА.

29/09/2021

Муштарийларимиз орасида спортга қизиқадиганлар бўлса керак. Айниқса, миллионлар ўйини хисобланмиш футбол ишқибозлари учраса керак. Улар бизни қуйидаги гапимизни жуда яхши тушунади деб ўйламиз. Германия, Бразилия, Италия ва шулар каби терма жамоалар доим жахон чемпионатини ютавермайди, аммо қачон қараманг, улар доим фаворитлар орасида бўлади. Илмий журналларни хам шунга ўхшаш хусусияти бор. Хар бир фан сохасида, энг нуфузли журналлар доим энг юқори импакт факторларга ёки мақолани топшириш учун талаб қилинадиган энг қиммат нархга эга бўлмайди, аммо уларни барча олимлар доим энг нуфузли журналлар деб билади.

Ижтимоий тармоқларда, қаерга қараманг хамма жойда «нуфузли» журналлар реклама қилинади. Деярли барчасида юқори «импакт фактор» борлиги, кўпида ОАК рўйхатидан жой олганлиги иддао қилинади. Биз бу лойихамизда ёш, тажрибаси кам тадқиқотчиларга ёрдам бериш мақсадида, алдамчи иддаоларни, қаердадир эса йиртқичлик, фирибгарлик қилинаётганини фош этиб борамиз. Аммо, афсуски, илмий йиртқичлик бизнеси шунчалик кескин ривожланиб кеттики, бизни на вақтимиз бор барчасини ўрганишга, на қўлларимиз етарли хаммаси хақида бу лойихамизда ёритиб бориш учун.

Шунинг учун, бугунги постимизда биз иқтисодиёт фанида хақиқатдан хам нуфузли журналллар хақида гап юритамиз. Иқтисодчи олимлар орасида, бутун дунё тан оладиган «Big Five» рўйхати мавжуд, яъни илмий журналларнинг «Буюк Бешлиги». Булар куйидагилар (журнал номига боссангиз расмий сахифасини очади):

Журнал номиНашриётISSNISSN Онлайн
The American Economic ReviewAmerican Economic Association 0002-82820065-812X
EconometricaWiley-Blackwell Publishing0012-96821468-0262
Journal of Political EconomyThe University of Chicago Press0022-38081537-534X
The Quarterly Journal of Economics Oxford University Press 0033-55331531-4650
The Review of Economic StudiesOxford University Press 0034-65271467-937X

Агар шу бешталикда мақолангиз чоп этилса, сиз бемалол халқаро академик мехнат бозорида рақобатбардош олим деб тан олинасиз. Бу дегани энг нуфузли илмий марказлар сизнинг кетингиздан қувади дегани эмас албатта. Лекин деярли барча ОТМ ёки илмий-тадқиқот институти сизнинг хужжатларингизга жиддий назар ташлаши бешубха.

Хақиқий импакт фактор ва алдамчи импакт факторлар хақида биз июн ойида тушунтириб утган эдик. Иқтибослар сонига асосланган бу кўрсаткич дунёда кенг тарқалганига қарамай унинг жиддий камчилиглари бор, ва шу сабабли, кўп ривожланган мамлакатларда хар бир фан сохаси учун, олимлар ижтимоий фикри асосида тузилган рейтинглар мавжуд. Куйида, биз шундай бир нечта рейтинглар хақида маълумот хавола этяпмиз (номига боссангиз расмий сахифасини очади):

Рейтинг номиЭълон киладиган ташкилотМамлакат
ABDC Journal Quality ListAustralian Business Deans CouncilАвстралия
Academic Journal GuideChartered Association of Business SchoolsБуюк Британия
Categorization of Journals in Economics and ManagementCentre national de la recherche scientifiqueФранция

Билингки, хеч қандай рейтинг ёки кўрсаткич 100% объектив ёки мукаммал бўлмайди. Хаммасини ўзига хос камчилиги бор. Лекин тадқиқотчи сифатида яхшини ёмондан ажрата билиш сизнинг бурчингиздир. Хақиқий нуфузга эга илмий журналларни ўқиб юришни одат қилиб олинг, ва ижтимоий тармоқлардаги «нуфузли» деб реклама қилинганлардан четроқ юринг.

И.Қорабоев, Н.Юсупов

BERLIN STUDIES ҚАНДАЙ ҚИЛИБ ОАК РЎЙХАТИДАН ЎРИН ОЛГАН?

20/09/2021

Хурматли муштарийлар! Биз қисқа ёзги таътилимиздан қайтдик, ва сизларга фойдали маълумотларни беришни давом эттирамиз.

Сизларга яна бир бор ўз позициямимизни эслатиб қўядиган бўлсак, ижтимоий тармоқларда реклама қиладиган нашриётларга биз асло ишонмаймиз. Албатта, орасида мақолаларни тақриздан ўтқазишга жиддий қарайдиган журналлар хам учраб туриши мумкин. Аммо бунинг эхтимоли деярли йўқ деб ишонамиз.

Сўнгги хафталарда Berlin Studies номли журналнинг рекламаси кескин тарқалиб кетди ва биз бу журналга бир назар ташлашга қарор қилдик.

Юқоридаги рекламада айтилганидек, хақиқатдан хам бу журнал ОАКнинг рўйхатига киритилган. Шуни айтиб ўтиш керакки, бу журнал айнан ОАК рўйхатининг сўнгги вариантида, яъни (янглишмасак) 2019 йилда тасдиқланган рўйхатида, мавжуд. Шу сахифамизнинг энг тагида бу ОАК рўйхати хавола этилган. Шуниси қизиқарлики, ОАК рўйхатида бу журналнинг номи берилганида, журнал номининг олдида негадир 2016 деган ёзув бор. Бу нимани англатади, биз билмаймиз.

Энг аввало, биз журналнинг сайтини кириб кўрдик (http://berlinstudies.de/), ва журнал хақидаги маълумотлар билан танишиб чиқдик. Назаримизда, журнал сайтининг дизайни жуда содда тузилган, берилган маълумотлар хам жуда юқори даражадаги инглиз тилида ёзилган деб айтолмаймиз. Масалан, журнал қабул қиладиган тадқиқот сохалари ичида «илмий фанлар» хам бор экан (scientific sciences). Ундан ташқари, «полистирол фанлариям» (polystyrene sciences) бор экан. Буни қандай тушуниш кераклиги бизга қоронғу.

Журналнинг чоп этилган сонларини кўриб чиқамиз десак, биринчи сон жорий йилнинг май ойида чоп этилганини курдик. Ва албатта, ундай бўлса қандай қилиб бу журнал ОАК томонидан 2019 йилда эълон қилинган журналлар рўйхатига кирган деган савол пайдо булди. Афсуски, Berlin Studies 5 ойдан бери чиқаётган бўлсада, у ерда мақола чоп этадиган муаллифлар ичида Узбекистонликларнинг улуши 80-90 фоизни ташкил этадиганга ўхшайди. Журналнинг айрим сонларида, муаллифларга қарасангиз фақатгина ўзбек исмларни кўрасиз. Бу хам йиртқичлик аломатларидан бири деб хособланади.

Berlin Studies сайтида Ўзбекистонлик мутахассислардан ташқари хорижий олимларнинг мақолаларини хам курамиз. Фақат, ривожланган мамлакатлардаги муаллифлар томонидан ёзилган мақолани очаман десангиз, Berlin Studies сайти у мақолани сиздан бекитади. Аммо гуглда қидирсангиз, худди ўша мақола бошқа хорижий журналда чоп этилганини кўрасиз. Бунинг сабаби нимада экан?

ОАК рўйхатида бу журнал Finckenstein & Salmuth Verlags-Gesellschaft m.b.H. номли нашриёт томонидан чоп этилиши айтилган, журнал сайтида эса ундай маълумот бизга учрамади. Шунинг учун, балки олдинги йилларда чиққан сонлари бошқа нашриёт сайтида бордир деган фикр билан биз журналнинг тарихини ўрганиш учун унинг ISSN рақами орқали қуйидаги маълумотни топдик. Кўриб турипсизки, бу журналнинг энг биринчи сони 2021 йилнинг 10 май кунида чоп этилган.

Балки ISSN рақами ўзгаргандир, агар нашриёт ўзгарган бўлса деб, биз бу журналнинг номини оддий гугл қидирув орқали хам излаб кўрдик, аммо 2020 йилнинг охиригача хеч қандай маъноли нарса топмадик. Ушбу вазият бизда бу журналнинг асли сифати хақида шубха билан бирга бунинг орқасида фирибгарлар тургани хақида гумон туғдирди.

Журналнинг сифатига объектив бахо бераман десангиз, албатта ўзингиз бир неча мақоласини синчиклаб ўрганиб чиққанингиздагина била оласиз. Аммо, вақт кам шароитида, мухаррирлар кимлигини ўрганиб чиқсангиз, журнал сифати хақида қисман бўлсаям қандайдир тушунчага эга бўлишингиз мумкин. Зеро, ўзини хурмат қиладиган олим, фирибгарликка ёки сифати шубхали лойихага қўл урмайди, чунки тадқиқодчининг энг қадрли неъмати бу унинг академик обрўсидир. Шундай қилиб биз ушбу журналнинг Editorial Board сахифасида мана бу инсонларнинг суратлари ва исмларини келтирилганига гувох бўлдик.

Одатда, мухаррирлар кенгаши хақида маълумот берилганда, уларнинг қаерда ишлаши ва қайси сохада тадқиқот олиб борилиши хам айтиб ўтилади. Бу ерда эса, расм билан исмдан бошка нарса йўқ. Бу инсонлар хақида кўпрок маълумотга эга бўлиш мақсадида, биз гугл орқали уларни излашга тушдик. Куйидаги маълумотларни аниқлаш учун бизда 3-4 дақиқадан кўп вақт кетмади.

Temme D. исми остида келтирилган кимса аслида Австралияда истиқомад қилувчи Sergio de Paula исмли фотосуратчи экан:

Roer D. исмли акамиз эса тадбиркор экан. У Pixabay компанияси асосчиларидан бири, Германиялик Hans Braxmeier экан.

Sauerwein M. эса хам Berlin Studies журналининг мухаририга ўхшамаяпти. Аммо бу инсоннинг (исми Joey DeGrandis) эслаб қолиш қобилияти ўта кучли экан. У хақида машхур Time журнали мақола хам чиқарган экан (https://time.com/5045521/highly-superior-autobiographical-memory-hsam/).

Weiss Y. исмли одам эса молия бозорларида фаолият юритадиган йирик компания, Morgan Stanley, ходими Andrew Sheets бўлиб чиқди.

Шу билан биз барча суриштирувимизни тўхтатишга қарор қилдик. Энди бизда журналининг йиртқичлиги хақида хеч қандай шубха қолмади ва сизга қайта-қайта эслатишдан чарчамаймиз – ижтимоий тармоқларда реклама қилинган журналлардан йироқ бўлинг, чунки уларнинг орасида хақиқатдан хам нуфузли журнал топишингиз эхтимоли деярли нольга тенг. Шунинг учун хам, кучингиз ва вақтингизни фойдалирок тарзда сарфлашингизни тилаб қоламиз.

И.Қорабоев, Н.Юсупов

ЖУРНАЛНИНГ НОМИДА ГАРВАРД БЎЛСАЯМ ИШОНМАНГ!

06/08/2021

Хурматли муштарийлар, йиртқич журналлар жуда кўп ва биз барчасини фош эта олмаймиз чунки бизда, очиғини айтганда, унга вақтимиз йук. Лекин, ёш тадқиқодчилар учун ёрдам беришга дойим харакат қиламиз. Шу боис, куни кеча бир нечта телеграм каналларда мана бу эълонни курдик:

Журнал номида Гарвард университетига иқтибос борлиги ёш тадқиқодчиларни чалкаштириши турган гап. Аммо оддий Гугл қидирув қилиб кўрсангиз, бир зумда хамма нарса ойдин бўлади. Бу журнал «INTERNATIONAL AGENCY FOR DEVELOPMENT OF CULTURE, EDUCATION AND SCIENCE» номли ташкилот томонидан нашр этилар экан ва Гарвард университетига хеч қандай алоқаси йўқ. Номига қараганда, бу ширкат маданият, таълим ва фан сохасида халқаро фаолият олиб борадиган ташкилотга ўхшайди. Аммо бу нашриёт нафақат машхур Билл рўйхатидан ўрин олган (https://beallslist.net/), балки уни кўплаб нуфузли олий таълим муассасалари фирибгар деб эълон хам қилган. Биз барча топган маълумотларни таржима қилиб ўтиришга афсуски имкониятимиз йўқ, аммо қуйида бир нечта университетлар томонидан қилинган чикишларни илова қиляпмиз:

Чикаго Университети (АКШ): https://www.journals.uchicago.edu/journals/aje/prevent-fraud

Аделаида Университети (Австралия): https://blogs.adelaide.edu.au/researchbulletin/2017/08/22/alert-issued-for-predatory-publisher-iadces-international-agency-for-development-of-culture-education-and-science/

МакМастер Университети (Канада): https://ecf.humanities.mcmaster.ca/2020/10/22/unauthorized-submission-portals/

Юқоридаги Билл рўйхати сахифасида берилган маълумот орқали нашриёт cайтига (https://www.iadces.com/) кириб кўрсангиз контент даражаси жуда сустлигини кўрасиз, яъни тадқиқодчиларга керакли ва илмий нашриётлар одатда берадигaн маълумот жуда кам. Ундан ташқари, уларнинг вебсайтидаги айрим матнларнинг умуман бир бирига алоқаси йўқ. Вебсайт яратилиши тугатилмаган гўё.

Бош сахифанинг энг пастида богланиш учун малумот сифатида умуман нашриёт ёки маданият сохасига оид ширкатнинг номига ўхшамайдиган info@contact-restaurant.com ва sales@contact-restaurant.com электрон почта манзиллари берилган. Шу билан бирга худди шу жойда берилган «654 Charack Road Bloomington, IN 47408» манзилини Гугл хариталарида изласангиз бундай жой мавжуд эмас деган натижа чиқяпти.

Энг ачинарлиси, ОАК рўйхатида бу журнал илмий диссертациялар асосий илмий натижаларини чоп этиш тавсия этилган журнал сифатида берилган (44чи бет). Умид қиламизки, ОАК ўз журналлар рўйхатини тузиш сиёсатини қайта кўриб чиқади. Унгача барчангизни огох булишга чақирамиз. Хеч қачон ижтимоий тармоқларда агрессив маркетинг қиладиган журнал ва нашриётга ишонманг, ва турли ўртакашлар билан хамкорлик қилманг.

И.Қорабоев, Н.Юсупов

ХАҚИҚИЙ ИМПАКТ ФАКТОРЛАРДАН ХАБАРДОР БЎЛИНГ!

01/08/2021

Илгари ёзганимиздек, ривожланган дунёда илмий журналларнинг импакт фактори деб Clarivate Analytics томонидан хар йил ёзда эълон килинадиган Journal Citation Report (JCR) деб номланган хужжатдаги кўрсаткичлар назарда тутилади. Бошқа импакт фактор деб аталган ёки шунга яқин ном берилган кўрсаткичларнинг (деярли) барчаси ишончсиз, алдамчи ва ғирром хисобланади.

Бу йилда чоп этилган JCRдаги импакт факторларни айрим ташаббускор кимсалар очик сахифаларга жойлашни бошлабди. Бу маълумотларга эга бўлиш ёш олимларга жуда мухим бўлишига қарамай, биз буларни бу сайтимизда жойлаштиришдан бош тортяпмиз, чунки JCRдан фойдаланиш учун обуна талаб этилади ва биз тегишли копирайт масалалар хақида тўлиқ маълумотларга эга эмасмиз.

Аммо, очиқ манбаларда жойлаштирилган маълумотларга куийда иқтибос тақдим қиламиз:

Албатта, бу Clarivate Analytics-гa тегишли бўлмаган норасмий манба. Шунинг учун хам, биз ўзимиз билган бир нечта жуда нуфузли журналларнинг сахифаларига кириб сўнгги импакт факторлари билан танишдик.

Шу асосида, юқоридаги манбада келтирилган импакт факторлар хақиқатга оидга ўхшаяпти. Шунинг учун норасмий маълумот сифатида фойдаланса бўлади деган фикрдамиз.

И.Қорабоев, Н.Юсупов

ШУБҲАЛИ НАШРИЁТ: SCIENTIFIC & ACADEMIC PUBLISHING.

30/07/2021

Сўнгги пайтларда, илмий мақола чоп этиш буйича маълумот ва ёрдам таклиф этадиган Телеграм каналлар кўпайиб кетган. Яқинда қуйидаги эълонга кўзимиз тушди ва биз дарров ёш олимларни алданиб қолинишининг олдини олиш мақсадида бу нашриётнинг айрим хусусиятлари ҳақида ойдинлик киритишга қарор килдик. Эътибор берсангиз, бу эълонда Scientific & Academic Publishing (SAP) томонидан нашр этиладиган журналлар ОАК томонидан тан олиниши иддао қилинган:

Энг аввало интернет орқали дунё олимлари орасида бу нашриёт қандай баҳоланиши ва нима гаплар юриши билан қизиқдик ва қарабсизки SAP нашриёти predatoryjournals.com сайтида йиртқич нашрлар рўйхатга киритилганини кўрдик. Бунинг ўзи барча олимлар учун  бу нашрдан узоқ юриш кераклигини англатади.

Google орқали қидирув бериб Стев Брезгов томонидан ёзилган, ва 29 Май 2019 й. Scholarlyoa.com сайтида эълон килинган, қисқа мақолага дуч келдик. Қуйида ушбу мақоланинг тўлиқ мазмунини ўзбек тилида сизга ҳавола этамиз, оригинали билан эса ушбу сайтда танишишингиз мумкин: https://scholarlyoa.com/new-publisher-scientific-academic-publishing/

“Шубхали ноширлар рўйхатига киритилган сўнгги кўшимчалардан бири Scientific & Academic Publishing. Ушбу ношир Калифорниянинг Роузмид (Rosemead) шаҳридан эканликларини даъво қилмоқда, аммо Гугл Хариталардаги манзилга қарасам, у икки томонда парклар билан кесишган жойни курсатади.

Ушбу нашриёт 133та журнал номларини тақдим этади, барчаси STM соҳасида. Журнал номларининг аксарияти «Америка» ёки «Ҳалкаро» сўзлари билан бошланади. Уларнинг бир нечтасида ҳали ҳеч қандай контент йўқ ва уларнинг кўпчилиги бош муҳаррирлар ва таҳрир кенгаши аъзоларини изламоқда. Сайтнинг «Сўнгги янгиликлар» саҳифасида «SAP 2011-йил 8-майда ташкил этилган» деб ёзилган.

Баннердан «Китоблар» ҳаволасида рўйхатланган ҳеч қандай китоблар мавжуд эмас, аммо у ердаги матнни ўқисангиз ношир ўзининг аслини билдириб қўйганга ўхшайди. Унда шундай дейилган: «Биз сизларни, барча муаллифларни, қимматбахо китоб қўлёзмаларингизни бизга топширишингизни чин дилдан кутиб қоламиз, ва сизнинг талабларингиз асосида сизнинг кўникишингизга хизмат қилиш учун асарларингизни нашр этилиши учун қўлимиздан келганича ёрдам берамиз».

Бу, албатта Open Access илмий ва академик нашр ниқоби остида, муаллиф тўлови билан ҳар қандай нарсани чоп этадиган нашриёт томонидан айтиладиган гапга ўхшайди.

Бу нашриёт спам электрон почта хабарларини юбориб, мақола топширишга чорламоқда. Мана менга юборилган нарса:

“Ҳурматли …,

Ушбу хат АҚШдаги Scientific & Academic Publishing томонидан юбориляпти. Сизнинг малумотларингизни Condensed Matter журналидан олдик, ва хурсандчилик билан журналимиз муҳарририяти номидан сизга саломлар йўллаймиз.

Биз сизнинг «…» номли мақолангиз абстракти билан танишиб чиқдик ва уни муҳаррирларимизга тавсия қилмоқчимиз. Агар бизнинг журналларимизга қизиқиш билдирсангиз ва уларда мақола чоп этмоқчи бўлсангиз, илтимос мақолангизни кенгайтириб ва сўнги илмий натижаларингиз ҳакида ёзиб онлайн мақола топшириш тизими орқали топширинг. Топширилган барча мақолалар чоп этиш учун кўриб чиқилади.”

Мактуб норасмий стилда ва сифатсиз ёзилган. Муаллифларнинг бошқа жойларда чоп этиб бўлинган мақолаларини қайтадан чоп этишга таклиф қилаётганга ўхшайди. SAP мақола ва муаллиф ҳақидаги маълумотларини ҳаққоний журнал веб-сайтларидан териб олиш билан шуғулланадиганга ўхшайди.

Ўз сайтида чоп этиш учун тўловлар ҳақида сўз юритилмайди (агар баъзи бир конференсия материаллари учун тўловлардан воз кечилади деганини инобатга олмасак), шунинг учун ношир тўлов масаласини мақолангиз қабул қилинмагунча кўтармаса керак деб ўйлайман, яъни сиз аллақачон вақту кучингизни мақолани таёрлаб топширишга сарфлаб бўлганингиздан кейингина, қабул қилинганингиздан кейингина сизга бу талабини ошкор қилса керак (улар томонидан тақризу шарҳлар бўлиши ҳам шубҳа остида).

Сайтининг аксарияти иборавий инглиз тилида ёзилган, факат вақти-вақти билан сирпанишлар мавжуд. Бироқ, 2011 йил 15 августдаги Янгиликлар бўлимида шундай дейилган:

“SAP ташкил этилиши илмий жамиятнинг кучли таъсирига сабаб бўлди. Хозирги кунда SAP журналларининг таҳририят кенгашида ҳалқаро миқёсда тан олинган 1000 дан зиёд муҳаррир хизмат қилмокда. Илмий жамиятга янада яхшироқ хизмат қилиш учун SAP қобилиятли академикларни ўз сафига таклиф қилади. «

Сўнгги иборадан ташқари, баёнот ёлгон ва нотўғри. Аммо, уларга бунинг аҳамияти йўққа ўхшайди.”

Стев Брезговнинг мақоласини ўқигандан кейин ўзимиз ҳам бу нашриётнинг сайти билан (http://www.sapub.org/journal/index.aspx) яқинроқ танишиб чиқишга қарор қилдик.  Брезгов 2019 йилда айтиб ўтган нашриётнинг муаллифларга чақириғи ҳозир ҳам сайтда турганини кўрса бўлади:

Манзили сифатида 1200 Rosemead Blvd, STE D #105, Rosemead, CA, 91731, USA кўрсатилган, аммо Гугл Харитасида қидирсак, ҳақиқатдан хам ҳеч қандай бино чиқмаяпти. Аксинча, манзилида «STE D #105» қисмини тушириб юборган ҳолда, катта йўлдаги (Rosemead Boulevard) энг яқин бинодан камида ярим километрлик масофадаги бир нуқтани кўрсатяпти:

Кейинги босқичда биз SAP нашриётиниг сайтида курсатилган Фейсбук, Твиттер ва Линкдин тармоқларидаги фаолиятлари билан қизиқиб кўрдик. Фейсбук ва Твиттерда бу нашриёт сўнгги марта 2011-2012 йилларда фаол булган. Линкдинда эса охирга марта 10 ой олдин, ундан олдин эса 3 йил олдин пост қилган (яъни 2-3 йилда 1 марта). Қилинган постлар хам кўпроқ нишонли маркетинг, троллик харакатига ўхшайди:

Биз 5 дақиқа ичида оддий Гугл қидируви орқали топган маълумотларимиз, шахсан биз учун SAP сифати ва нияти ҳақида шубҳаланиш учун етарлича асос яратди. Шунинг учун, биз cизни хам бу нашриёт билан алоқадор шахслару ташкилотлардан огох бўлишингизга чақирамиз.

Бизни кузатишда давом этинг.

И.Қорабоев, Н.Юсупов

ЎҒИРЛАНГАН ЖУРНАЛЛАР ВА ANNALS OF THE ROMANIAN SOCIETY FOR CELL BIOLOGY ҲАҚИДА.

05/07/2021

Сўнгги 20-30 йил мобайнида илмий нашриётларнинг жаҳон харитасида янги воқелик вужудга келди. Бир томондан, интернет технологиялари ривожланган сари журнал нашр қилишда Open Access модели ривож топди. Шу билан бир пайтнинг ўзида, ривожланаётган мамлакатлардаги илмий фаолиятга тегишли ислоҳотлар натижасида илмий мақолаларни хорижий нашрларда чоп этиш учун талаб кескин ошиб кетди. Бу вазиятдан фойдаланиб, ривожланаётган мамлакатлардаги тадқиқотчиларнинг пулини ундириш ниятида илмий фирибгарлик билан шуғулланишнинг турли шакллари кўпайиб кетди. Афсус, бу баъло бизнинг мамлакатимизни нафақат четлаб ўтмади, балки хозирги кунда Ўзбекистон йиртқич журналларда мақола чиқариш бўйича айрим кўрсаткичлар бўйича пешқадамлик қилмокда ва буни бутун дунё кузатиб турибди.

Шу муносабат билан, сизнинг диққатингизга Россиялик тадқиқотчи  Анна Абалкина томонидан ўғирланган журналлар (hijacked journals) ҳодисалари бўйича ўтказилган суриштирув натижаларини ҳавола қилмоқчимиз. Биз бу мақоладаги маълумотларни сизга қисқа тарзда етказамиз. Тўлиқ матнни эса, сиз қуйидаги саҳифада инглиз тилида ўқишингиз мумкин:

Диссернет порталида Анна Абалкинанинг шу мавзуга оид мақоласи рус тилида хам эълон килинган:

https://www.dissernet.org/publications/trv_mag_clony.htm

Мақола мазмунини келтиришдан олдин сизга иккита маълумотни келтириб ўтмоқчимиз.

1. Ўғирланган журнал (hijacked journal) тушунчаси ҳақида.

Ўғирланган журналлар ҳақиқатда ҳам мавжуд бўлган машру ва обрўли журналларнинг номини, ISSN рақами ва бошқа маълумотларини қўлланиб очилган сохта ёки дупликат журналлар ҳисобланади. Бундай журналларни очишдан асосий мақсад тадқиқотчиларга тўлов орқали жуда тез муддатда илмий мақола чоп этиш имконини сотиш орқали пул ишлаб олиш бўлади. Ўғирланган журналларга нисбатан клонланган журналлар (cloned journals) ибораси ҳам ишлатилади. Бу мавзу ҳақида қуйидаги ҳаволада батафсил ўқишингиз мумкин:

https://publons.com/blog/hijacked-journals-what-they-are-and-how-to-avoid-them/

2. Retraction Watch сайти ҳақида

Retraction Watch сайти 2010 йилдан бери илмий нашрлар дунёсида шаффофликни ошириш мақсадида жиддий хатолар ёки атайин қилинган илмий сохтакорликлар туфайли чақириб олинган мақолалар (retracted papers) билан бирга ўғирланган журналлар, йиртқич нашрлар ва бошқа мавзуларни ёритиб келаётган сайт ҳисобланади. Сайтнинг асосчилари тиббиёт журналистикаси соҳасида нуфузли мутахассислар Иван Оранский ва Адам Маркус.

Энди эса Анна Албакинанинг мақоласи мазмуни билан танишинг:

“Журнал ўғирлаш, Скопус ва Элсевирнинг заифликларидан фойдаланиб ўзини ҳақиқатда олдиндан мавжуд бўлган журналга ўхшатиб тақдимот қилишдан иборат. Муаммо Скопусда журналларни саралаш жараёнида кўпроқ сунъий интеллекга таянилиб инсон онги қатнашиш даражаси етарлича эмаслиги ва асосий меҳнат автоматлашган жараёнларга юклангани бўлса керак. Шундай қилиб журнал ўғрилари мавжуд журналларнинг ISSN ва бошқа мета-маълумотларини ўгирлаб ўзлаштириб олишади ва бундан бехабар муаллифларга агрессив маркетинг қилиш орқали фаолият кўрсатишади. Натижада, Скопус ҳеч нарсадан хабари йўқ ҳолда мақолаларни индекслаётган пайтда, фирибгарлар миллионлар доллар ишлаб қолади.

Келинг шундай бир ўғирланган журнал – Annals of the Romanian Society for Cell Biology – мисолини кўриб чиқсак. Бизни қизиқишимиз авваламбор журнал вебсайтини таҳлил қилишга ундади ва баъзи қизиқарли жиҳатларни очиб берди. Биринчидан, гарчи журналнинг ҳақиқий версияси кўп йиллар давомида фаолият юритган ва 2009 йилдан бери Скопус томонидан қамраб олинган бўлсада, домен номи фақатгина 2020 йил октябр ойида номаълум шахслар томонидан рўйхатдан ўтказилибди. Иккинчидан, ISSN порталига кўра машру ҳақиқий журнал (ISSN 1583-6258) фақат босма шаклда чоп этиб келинган (яъни расмий вебсайтга эга бўлмаган ва электрон шаклда ҳам чоп этилмаган). Бу каби расмий веб саҳифаларга эга бўлмаган журналларни ўгирлаш жуда одатий ҳолдир. Учинчидан, ушбу журнал тўлов амалга оширилгандан сўнг 30 кун ичида мақолани чоп этишни ваъда қилмокда. Ўғирланган журналлар одатда бирон бир тақриз ёки сифат назоратини тақдим этмайди ва тез нашр этилишини кафолатлайди. Ва ниҳоят, ўғирланган журналлар одатда ҳақиқий журналларнинг архивларини ўз сайтида нусхасини яратмайди ва аллақачон нашр этилган матнларни қайта ишлай олмайди ёки архивга кириш учун тўлов деворини ўрнатади. Ушбу ўғирланган журналда эса эски йилларда чиққан мақолаларни ўқимоқчи бўлсангиз сиздан имейл оркали мурожаат қилишинигиз сўралади.

Шунингдек, ҳақиқий журналнинг Скопусдаги маълумотлари ҳам клонланган журналга ҳавола бериш орқали путур еткизилган. Энг асосийси, ўғирланган журналнинг таркиби Скопусга жойлаштириб улгирилган: шу йилнинг июнь ойидаги маълумотга кўра Скопус 2021 йилда ушбу ўғирланган журналда чоп этилган 3200-га яқин мақолани индексация қилган (қиёслаш учун, олдинги беш йил ичида бу журналдан йилига 100-дан кам мақола Скопусга жойлаштирилган). Бир неча ой ичида нашр этилган бундай кўп сонли мақолалар жуда агрессив маркетинг билан бирга, эҳтимол, халкаро журналларда тезкор нашр этишни таклиф қиладиган ўртакаш компанияларнинг иштирокини ҳам англатади.

Қуйидаги расмда ушбу клонланган журналнинг муаллифлари асосан ривожланаётган мамлакатлар Ҳиндистон, Ўзбекистон ва Эрондан келиб чиққанини кўрамиз:

Шундай қилиб, журнал ўғирлаш кўп миллион долларлик бизнесга айланганига гувоҳ бўламиз. Annals of the Romanian Society for Cell Biology  ҳар бир мақола учун 14700 Ҳиндистон рупиясида нарх белгилайди (тахминан 200 АҚШ долларига тенг) ва 2021 йилни ўзида аллақачон 5000дан ортик мақола чиқарган.

Шахсан мен ушбу ўғирланган журналнинг қонуний ноширини топа олмадим, аммо журналнинг ҳақиқий версиясини нашр қилиб келган Vasile Goldis Western University of Arad билан боғланганимда, улар ушбу журнални нашр қилмай қўйганини тасдиқладилар.

Ушбу ўғирланган журналда яна бир ажойиб тафсилот мавжуд. Унинг бош муҳаррири сифатида – Wageningen University & Research вакили Рён Оелен деган шахс берилган. Айтишим мумкинки, бу Оелен деган шахс мавжуд эмас. Аммо унинг исмини Интернетдан қидириб кўрсам, у шу пайтнинг ўзида бошқа ўғирланган журнал Converter (муҳандисликка ихтисослашган) журналининг бош муҳаррири этиб ҳам кўрсатилган. Мен бу журналнинг ношири сифатида курсатилган Faversham House Group Ltd. билан боғландим, аммо ҳеч қандай жавоб ола олмадим.

Бунақа журнал ўғирлашлар ҳақида кимдир «хечқиси йўқ, бўлиб туради» дейиши мумкин, аммо айрим мамлакатларда чоп этилган илмий мақолалар ичида легитим илмий мазмунга эга бўлмаган мақолаларнинг сони ҳайратга солади. Масалан, Скопусда 2021 йил ичида Ўзбекистонлик муаллифлар томонидан чоп этилган мақолалар орасида шубҳали контент миқдори 41,5% ташкил килади. Эронда бу улуш 8,4%; Ҳиндистонда 1,5%.

Бу ҳолатда энг ачинарли ва ташвишга солувчи жиҳат шундаки ушбу журналларнинг кўпи Скопусда ҳалигачаям индексланиб келади. Улар албатта зудлик билан олиб ташланиши керак, аммо олимларнинг ўзлари ҳам эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишлари ва огоҳ бўлишлари керак.”

Бизнинг фикримиз бўйича Анна Албакина мақоласининг бош мавзуси бўлган бу журнал яқин келажакда Скопусдан чиқариб юборилади. Ўтган йили Ўзбекистонлик муаллифлар томонидан бу журналда 452-та мақола чиқарилган. Ачинарлиси шундаки, охирги бир ярим йил ичида (2020 ва 2021 йилларда), Ўзбекистонликлар  бу журналда 1000-га яқин мақола чиқарган. Бу дегани бу бечора олимларимизнинг 200 минг АҚШ долларлик маблағлари куйиб кетди дегани.

Қуйида кўрилганидек Annals of the Romanian Society for Cell Biology журнали ўзбек тадқиқотчилар орасида агрессив шаклда реклама юргизиб келган. Рекламани синчковлик билан ўргансангиз Анна Абалкина ва бошқа тадқиқотчилар ошкора қилиб берган ўғирланган журнал белгиларини (тўлов эвазига тез муддатда мақола чоп қилиш, сохта вебсайтга хавола, в.б.) яққол кўриш мумкин:

Шунинг учун, биз сизни бундай сохта ва йиртқич журналлардан огоҳ булишга чақирамиз. Сизга тез муддатда хорижий журналларда мақола чиқариб беришда ёрдам таклиф қиладиган ўртакаш шахс ёки ширткатларга ишониб юрманг.

Бизни кузатишда давом этинг.

И.Қорабоев, Н.Юсупов

ЙИРТҚИЧ ЖУРНАЛЛАРНИ ҚАНДАЙ ТАНИБ ОЛСА БЎЛАДИ?

03/07/2021

Йиртқич журналлар феномени анчадан бери дунё олимларини, илмий тадқиқот муассасалари ва олий таълим тизими вакилларини безовта қилиб келаяпти. Йиртқич нашрлар муаммоси жуда кенг тарқалиб кетаётгани учун, олимлар айнан шу йиртқич журналларни ўзига хос аломат ва белгилари нимадан иборат эканлигини синчковлик билан ўрганиб чиқишмоқда. Шундай тадқиқотларга мисол сифатида Larissa Shamseer ва ҳаммуаллифларининг 2017 йилда ёки Agnes Grudniewic ва ҳаммуаллифларининг 2019 йилда нашр қилган мақолаларини кўрсатиб ўтса бўлади.

Shamseer et al. (2017) 300-га яқин журналларни ўрганиб чиқишган ва бу журналлардан 93-тасини Beall рўйхатига кирган журналлар, 99-таси Open Access журналлар, 100-таси анъанавий (обуна тўлови бор) журналлар ташкил қилган. Таҳлилларга кўра, муаллифлар йиртқич журналларга хос бўлган 13-та белги ва хусусиятни аниқлаб чиқишган:

  1. Журналнинг қамровига ўз сохасидан узоқ соха ва мавзулар кириб кетади. (Масалан, Shamseer ва ҳаммуаллифлари ўрганиб чиққан био-тиббиёт соҳасидаги журналлардан йиртқич журналлар био-тиббиётга алоқаси бўлмаган мавзуларда ҳам мақолалар чоп қилиб келишган).
  2. Журнал вебсайтида грамматик ва синтактик хатолар мавжуд.
  3. Сайтдаги расм ва тасвирларнинг сифати паст бўлади ва кўпинча бу расм ва тасвирлар аслида мавжуд бўлмаган сохта воқеликни яратишга ҳаракат қилади ва, ҳаттоки, бу расм ва тасвирлар тегишли изнсиз қўлланиб келинади.
  4. Вебсайт контенти журналларнинг одатий муштарийси бўлган ўқувчиларга эмас, балки муаллифларга мўлжаллаб тузилган бўлади.
  5. Журналнинг сифат кўрсаткичи тарзида Index Copernicus’га асосий урғу берилган.
  6. Чоп қилиш учун жўнатилган мақолаларнинг кўриб чиқилиши ва тақриздан ўтиш жараёни ҳақида аниқ маълумотлар берилмаган.
  7. Чоп қилиш учун мақолалар электрон почта орқали юборилиши талаб қилинган.
  8. Мақолаларни тез муддатда чоп қилиш ваъда қилинган.
  9. Чоп этилган мақолаларни чақириб олиш сиёсати (retraction policy) ҳақида ҳеч нарса айтилмаган.
  10. Журналдаги материалларни рақамли архивлаштириш ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган.
  11. Мақолани кўриб чиқиш ва чоп қилиш учун нисбата арзон нархлар белгиланган (150 USD атрофида).
  12. Open Access статусини даъво қилган журналлар ёки мақола ҳақларини ўзида сақлаб қолган ёки муаллифлик ҳуқуқи ҳақида аниқлик киритмаган.
  13. Журнал билан боғланиш учун журнал серверига тегишли бўлмаган электрон манзиллар кўрсатилган ва одатда бу манзиллар корпоратив бўлмаган оммабоп электрон манзиллар бўлади (масалан @gmail.com, @yahoo.com каби адреслар).

Grudniewic et al. (2019) мақоласи яна ҳам қамровлик тадқиқотга таяниб йиртқич нашрлар таърифини илгари сурган. Бу таърифни ишлаб чиқиш учун 10-та давлатдан келган нуфузли олимлар ва илғор нашриётлар вакилларидан ташкил топган 43-та иштирокчи ўртасида жиддий баҳс ва мунозалар юритилган ва шу илмий мунозаралар натижасида қуйидаги йиртқич журнал ва нашрлар таърифи берилган:

Йиртқич журналлар ва нашрлар илмий тадқиқот сифатидан кўра ўзининг шахсий (моддий ва молиявий) фойдасини устун қўядиган муассалар бўлиб уларнинг асосий белгилари инсонларга ёлғон ёки адаштирувчи маълумот бериш, илм дунёсида тан олинган асосий муҳаррирлик ва нашр қоидаларидан ташқарига чиқиб кетиш, шаффофликнинг етишмаслиги ва агрессив маркетинг усулларига таяниш ҳисобланади.”

Шуни айтиб утиш керакки, Shamseer et.al. (2017) ёки Grudniewic et.al. (2019) каби тадқиқотлар тиббиёт ёки психология каби маълум бир сохаларга эътибор қаратган. Шундай бўлсада бу мақолаларда кўрсатиб ўтилган йиртқич журнал таърифлари ва белгиларини бошқа сохаларда ҳам борган сари тез учратиб бормоқдамиз. Шунинг учун ҳам биз олдинги постда айтиб ўтганимиздек сохта импакт-факторларга таяниб муаллифларни ўзларига чорлаётган йиртқич журналлардан огоҳ бўлишга ва бундай йиртқич журналлардан узоқ юришга чақирамиз. Бундай йиртқич нашрларнинг асосий мақсади пулингизни олиш. Шунинг учун ҳам уларнинг қилмишлари оддий фирибгар-тадбиркорликка ўхшайди. Айримлари жуда уддабурон бўлиб, муаллифларни алдаб, уларга сохта кўрсаткичларни сотиб пулини ундиришнинг янги усулларни ўйлаб топишади.

Агар келажакда жиддий тадқиқотчи олим бўлишни мақсад қилган бўлсангиз, мақолангиз деярли тайёр бўлиб чоп қилиш учун журнал танлаш вақти келганида сизнинг олдингиздаги вазифа қуйидаги мажозий мисолдаги каби ҳақиқий ва сохта маҳсулотни бир биридан ажратиб олишдан иборат бўлади:

Шунинг учун ҳам билингки агар журнал молиявий фойда томонини ёки мақолангизни жуда тез муддатда чоп қилиб беришни реклама қилаётган бўлса, бу журналнинг йиртқич журнал бўлиш эҳтимоли жуда юқори. Эҳтиёт бўлинг!

Батафсил маълумот учун:

A. Grudniewicz et al. (2019). «Predatory journals: No definition, no defence», Nature, 576(7786):210-212, doi: 10.1038/d41586-019-03759-y

L. Shamseer et.al. (2017). «Potential predatory and legitimate biomedical journals: Can you tell the difference? A cross-sectional comparison», BMC Medicine, 15(28), doi: 10.1186/s12916-017-0785-9

И.Қорабоев, Н.Юсупов

ИМПАКТ ФАКТОР ҲАҚИДА

23/06/2021

Ҳозирги кунларда шубҳали нашрларнинг фаоллиги кескин ошиб кетмоқда.  Афсуски, тажрибасиз ёш тадқиқотчилар шундай йиртқич журналларнинг ўлжасига айланиб қолмоқда. Бундай тадқиқотчилар орасида Ўзбекистонлик олимлар ҳам талайгина. Масалан, 2020 йилда Ўзбекистонлик олим ва тадқиқотчилар Скопус базасида уч мингдан ошиқ мақола чоп қилишган бўлса, шунда 50% дан ортиғи (хозирги кунгача аниқланган) йиртқич журналларда чиққан. Натижада, Скопус базасидан шубҳали ҳаракатлари учун чиқариб юборилган журналларда мақолалар чоп этиш нисбати бўйича Ўзбекистон хозир жаҳонда биринчи ўринни эгалламоқда. Бу албатта жуда ачинарли ҳолат. Дунёда кулгуга қолмаслигимиз учун зудлик билан илмий тадқиқотлар фаолиятни олиб бориш маданиятини ривожлантириш ва ҳозирда олий таълим муассасаларида мавжуд бўлган рағбатлантириш тизимини ислоҳ қилиш керак.

Йиртқич журналларнинг битта ҳийласи алдамчи ва қалбаки импакт фактор кўрсаткичларга таяниб ўзларини гўёки илм дунёсида баланд нуфузга эга бўлганлиги ҳақида реклама қилиб келишади. Шу боис биз бу қисқа мақоламизда импакт фактор тушунчаси ҳақида маълумот бермоқчимиз.

Ривожланган мамлакатларда тан олинган импакт фактор Journal Impact Factor (JIF) ҳисобланади ва JIF ҳар йил ёзда, илмий нашрлар дунёсининг обрўли ва нуфузли иштирокчиларидан, Clarivate Analytics компанияси томонидан чоп қилинадиган Journal Citation Report (JCR) деган хужжатда эълон қилинади. Ривожланган давлатларда импакт фактор деганда айнан шу JCR’да чоп этилган кўрсаткич назарда тутилади. Илгари, JCR’ни Thomson Reuters конгломерати таркибидаги Institute of Scientific Information (ISI) ширкати чиқарган. Шунинг учун, айрим жоларда “ISI импакт фактори” деган иборани ҳам учратса булади. Бу ибора худди ўша JIF’ни англатади.

JIF кўрсаткичи 1960 йилларда ISI таъсисчиси ва лингвист олим Южин Гарфилд (Eugene Garfield) тарафидан ишлаб чиқилган ва бир неча ўн йиллардан бери ривожлантириб келинмоқда. Aслида бу кўрсаткич оддий каср кўринишида ҳисобланади. Махражида икки йиллик даврда чоп этилган мақолалар сони, тепасида эса ўша икки йилдан кейинги бир йил давомида махражидаги мақолаларга бериглан иқтибослар сони туради. Яъни 2020 йил июн ойида чоп этилган JCR’га, 2019 йил давомида 2017-2018 йилларда чоп этилган мақолаларга берилган иқтибослар асосида хисболанган JIF’лар киритилган. Шуни айтиб ўтиш керакки 2021-йилдан бошлаб JIF’ни ҳисоблаш методологиясига ўзгартириш киритилади. Бу ҳакида Clarivate Analytics яқинда эълон қилди. Тўлиқ маълумотни қуйидаги хужжатдан топсангиз булади:

https://clarivate.com/webofsciencegroup/wp-content/uploads/sites/2/2021/05/JCR-2021-Changes_May21.pdf

Йиртқич журналлар эса методологияси аниқ ва шаффоф бўлмаган, баъзида эса ҳеч қандай методологияга таянмаган қалбаки ‘импакт фактор’ кўрсаткичларини бехабар тадқиқотчиларга сотишга уринади. Қисқа перспективада шундай журналларда жуда қисқа вақтда чиқарган мақолангизнинг сизга қандайдир фойдаси бўлиши мумкин. Масалан, қалбаки импакт факторли журналда мақола чиқариб PhD ҳимоя қилиб олиш ёки пул мукофоти олиш мумкин. Лекин узоқ муддатли перспективада, тадқиқотчи олимнинг энг катта неъмати, энг муҳим бойлиги бу унинг олим сифатида обрўси, репутацияси ҳисобланади. Йиртқич журналда мақола чиқарганингиз туфайли обрўйингизга доғ тушса уни ювиб юборишингиз осон бўлмайди. Ҳаттоки, бундай доғ сизнинг келажакдаги илмий фаолиятингиз ва карьерангизга ўта жиддий зарар этизиши мумкин. Шунинг учун биз сохта импакт факторлардан огох булишингизни ва бундай йиртқич журналлардан узоқ юришингизни тавсия қилиб қоламиз.

Бефарқ бўлмаган дунё олимлари аллақачон шубҳали импакт факторларни синчковлик билан ўрганиб чиқиб, илмий ҳамжамиятни бундай иллат ҳақида огоҳлантириб келишмоқда. Шу жумладан, қуйидаги жадвалда алдамчи импакт фактор кўрсаткичлари рўйхати берилган.

Илмий журнал сифатини курсатадиган алдамчи ўлчамлар

No.Алдамчи курсаткич номиURL
1Advanced Science Indexhttp://journal-index.org
2African Quality Centre for Journals (AQCJ)http://www.aqcj.org
3Cite Factorhttp://www.citefactor.org
4Council for Innovative Researchhttp://cirworld.org
5Directory of Indexing and IFhttp://www.diif.org
6Einstein Inst. for Scientific Informationhttp://journalimpactfactor.co.in
7General Impact Factor (GIF)http://generalimpactfactor.com
8The Global Impact & Quality Factor (GIF)http://globalimpactfactor.com
9Impact Factor (JCC)http://www.journal-metrics.com
10Impact Factor Journalshttp://www.impactfactorjournals.com
11Institute for Science Informationhttp://isi-thomsonreuters.com
12International Impact Factor Services (IIFS)http://impactfactorservice.com
13International Scientific Indexing (ISI)http://isindexing.com
14International Scientific Institute (ISI)http://www.scijournal.org
15ISRA: Journal Impact Factor (JIF)http://www.israjif.org
16Journal Impact Factor (JIF)http://jifactor.com
17Journal Influence Factorhttp://www.journalsconsortium.org
18The Journals Impact Factor (JIF)http://jifactor.org
19Open Academic Journals Indexhttp://oaji.net
20Scientific Indexing Serviceshttp://sindexs.org
21Scientific Journal Impact Factor (SJIF)http://www.sjifactor.com http://www.sjifactor.inno-space.net
22Universal Impact Factor (UIF)http://www.uifactor.org

Манба: M.Dadkhah, A.G.Borchardt, B.T.Maliszewski (2017). “PhD Fraud in Academic Publishing: Researchers Under Cyber-Attacks”, The American Journal of Medicine, 130(1):27-30.

Ундан ташқари, қуйидаги саҳифада ҳам бу муаммога оид батафсил маълумот олишингиз мумкин:

Агар юқоридаги манбаларда келтирилган кўрсаткичларига дуч келсангиз, ундай илмий нашрлардан йироқ бўлинг, ва ёдингизда бўлсин: нуфузли журнал чегирма ёки сертификат таклиф қилиб «акция» қилмайди. Бизни кузатиб боринг. Kелгусида сизга кўп фойдали маълумотларни бериб борамиз.

И.Қорабоев, Н.Юсупов

ЖУРНАЛЛАР РЎЙХАТИ

11/02/2021

ilmiy-nashrlar-royxati