ЙИТРҚИЧЛАР ХАМОН ФАОЛ.
16/12/2024
Йирткич…
* * *
AND THE NOBEL PRIZE GOES TO…!
14/10/2024
Бугун Стокгольмда иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти эълон қилинди. Бу йил ушбу нуфузли мукофот совриндорлари деб Ўзбекистонлик аудиторияга таниш бўлган Дарон Ажамўғлу ва Жеймс Робинсон билан бирга Саймон Жонсон эълон килинди. Ажамўғлу, Жонсон ва Робинсоннинг 2001 йилда чоп этилган мақоласи эконометрика дарсларида инструментал регрессия мавзуси буйича стандард иқтибос бўлиб қолган бўлса керак.
* * *
ЗАМОНАВИЙ ИҚТИСОДЧИ-ОЛИМ БЎЛИШ ХАҚИДА
31/07/2024
Ривожланган мамлакатларда иқтисодиёт фани анча олдинга ўтиб кетган. Ушбу йуналишда улар билан орамиздаги фарқ олий таълимдан кейинги таълим тизимида ойдин кўринади. Шундай қилиб, шимолий Америка ва ғарбий Европа тизимларида, аспирантура дастури жуда чуқур назарий фанларни ўқишдан бошланади. Бу фанлар бугунги куннинг иқтисодий тараққиёт масалалари ёки камабағалликни бартараф этиш муаммоларини мухокама қилиш билан деярли овора бўлмайди. Аксинча, бу фанлар математика тили ва абстракт ускуналар ёрдамида инсон хулқини ва ижтимоий динамикани моделлаштиришни ўрганади. Юқоридаги амалий масалаларга оид мавзуларга жиддий вақт ажратиш одатда аспирантуранинг иккинчи йилидан бошланади. Унда хам тахлил ва мухокамалар давомида айнан математик инструментлардан фойдаланилади. Шунинг учун хам, бу фанларни ўзлаштиришда математик кўникмалари юксак даражада бўлмаганлар жуда қийналади.
Мисол тариқасида 1999 йилда The New York Times нашрида чоп этилган мақоласининг мана бу парчасига диққатингизни жалб қиламиз:
“…Массачусетс Технологик Институтида иқтисодиёт йўналиши бўйича аспирант сифатида ўқишимни биринчи кунида профессор “Барча иқтисодиёт фани ажралувчи гипертекисликлар назариясининг бир қисмидир” (бу математик тушунча нимани англатишини сиз билишни хохламайсиз) деган холда интонация билан киритиш сўзини бошлади.
Мен кула бошладим. Аммо кейин атрофимга бир назар солдим. Колганларнинг хаммаси конспект ёзаётган эди. Мен ҳам юзимдаги табассумни ўчириб ташладим ва факат ўзимга ғўлдираб қўйдим: иқтисодиётни Сахрои Кабирдаги Африкада яшовчи одамларнинг ахволи ёки технологик ўзгаришларнинг инсон турмуши даражасига таъсири хақида деб ўйлаган эдим. Ажабо мен нотўгри ўйладим шекили ва касб танлашда дахшатли хато қилдимми, деб хайрон бўлдим…““
Бугунги кунда албатта мустақил ўрганиш учун интернет манбаларида барча материаллар мавжуд. Замонавий иқтисодиёт фанини ривожланган мамлакатлар аспирантураларидаги каби ўрганмокчи бўлган ёш олимлар, ёки Ўзбекистонда иқтисодиёт фани бўйича замонавий факультет яратмоқчи бўлган мутахассисларга EconPhD.Net номли лойихани тавсияни қилмоқчимиз. Бу лойиха эски бўлсада (тахминан 20 йил олдин Австралиядаги Мельбурн Университети аспиранти Крисчен Росслер асос солган, хозирги кунда хостинги ўзгарган ва сайт янгиланмайди), у ердаги маълумотлар хозиргача актуал деб хисоблаймиз.
Бу сайтда сиз қуйидаги маълумотларни топишингиз мумкин: қандай қилиб кучли аспирантурага таёрланиш ва кириш мумкин, у ерда қандай дарсликлардан фойдаланилади, қайси фанлар ўтилади ва хоказо. Иқтисодиёт фанининг турли йўналишлари бўйича лойиха муаллифининг ўзи ишлаб чиққан дунё факультетлари рейтингларини хам кўришингиз мумкин.
* * *
МАЪЛУМОТЛАР ТАХЛИЛИНИ ЕТАКЧИЛАРДАН ЎРГАНИНГ!
25/02/2024
Сўнгги 10-20 йил ичида таълим дунёсида кузатилаётган энг сезиларли ўзгаришлардан бири – бу таълим жараёнида бевосита фойдаланиш мумкин бўлган жудаям кўп маълумотларнинг, шу жумладан ўқув-услубий материалларнинг, очиқ манба сифатида интернетда эълон қилиниши бўлса керак. Бу борада машхур Массачусетс Технологик Институти (MIT) бундай ташаббускорлар орасида энг илғор муассасалардан бири бўлади. Уларнинг 2002 йилда ишга тушган OpenCourseWare (OCW) лойихасини бутун дунё билади деб ишонамиз.
Шу хафта, ушбу порталда MIT профессорлари – Эстер Дуфло (Нобель 2019) ва Сара Эллисон томонидан 2023 йил бахорги семестра ўтилган Ижтимоий фанлар учун маълумотлар тахлили (Data Analysis For Social Scientists) фани материаллари тўлиқ шаклда (маърузалар видеоси, слайдлар, уй вазифалари, etc.) OCW порталида эълон қилинди. Бу дегани сиз хохлаган жоийнгизда ўтириб хохлаган вақтингизда MIT тингловчилари каби ушбу фанни мустақил ўргансангиз бўлади. Бу фан Graduate даражадаги тингловчиларга мўлжалланган, яъни магистр ва аспирантлар учун.
Агар иқтисодиёт фанида, ёки алоқадор ижтимоий фанларда, тадқиқотчи-олим бўлиш ниятингиз жиддий булса, статистик маълумотларни тахлил қилиш сиз учун энг мухим кўникмаларингиздан бири бўлиши керак бўлади. Тавсия қиламиз:
* * *
БИЗДА ИЛМИЙ ҒИРРОМ ҚАЧОН ЖАЗОЛАНАДИ?
13/01/2024
Илмий йиртқичлик ва фирибгарлик фаолиятлари барча давлатларда учраб туради: бой ва ривожланган давлатларда хам, ривожланаётган жамиятларда хам. Лекин бу жамиятларнинг илмий йиртқичликка ёндошуви тубдан фарқ қилади. Масалан, ривожланган жамиятларда плагиат, илмий ўғрилик ёки тадқиқот маълумотларини қалбакилаштириш каби харакатларга жуда ёмон иллат, ижтимоий анти-норма сифатида қаралади ва бундай харакатларни қилган шахсларга хам расмий, хам жамоавий қаттиқ чоралар кўрилади, жазолар белгиланади.
Плагиатнинг жамият наздида жуда катта айб сифатида қабул қилинишини яқинда Америкадаги оммавий бахслар жараёнида кўрдик. Аслида бу бахсларнинг илдизи сиёсий бўлсада, қарама қарши тарафлар бир бирига қарши плагиат айбини илгари суришди ва бундан ёндошув орқали ўз мақсадларига эришди деб айтсак бўлади. Биз яқинда Гарвард Университети президенти бўлган Клодин Гей’нинг плагиат айблови билан истеъфога зўрлангани хақида айтмоқдамиз.
Бу ходисага алоқаси бўлмаган ва ундан олдинроқ бўлган бир эпизодда дунёдаги энг яхши Университетлардан хисобланган Стэнфорд Университети президенти Марк Тессье-Лавинь хам ўз тадқиқотларида маълумотларни сохталаштирганлиги айблови туфайли лавозимини тарк қилганди.
Биз бу ерда уларнинг айблари хақида сўз юритмоқчи эмасмиз (агар Тесье-Лавинь ишлари анчагина ўрганилиб, унинг айби бор эканлигига иқрор бўлинган бўлса, Гей ишларида плагиат борлиги иддао қилинишига қарамай, ушбу айб қанчалик асослигига илмий жамият томонидан бахо берилганидан хабаримиз йўқ). Бу ўрнаклар илмий сохтакорлик ва фирибгарликнинг нафақат академик дунёда балки кенг жамиятчилик назарида хам жуда катта айб, социал анти-норма сифатида кўрилишини ва бундай харакатларга жамоатчилик кескин реакция кўрсатишини билдиради. Бу каби ходисалар эски дунёда хам нотаниш эмас. Масалан, Франциянинг нуфузли Фан ва Технологиялар бўйича Юксак Тадқиқотлар Институти (IHEST) директори, Этьен Клайн қаламига мансуб асарларда бир қанча франсуз ва хорижий олимларни ишларидан кўчирилган плагиат мавжудлиги аниқлангач, Франция хукумати қарори билан у киши хам эгаллаб турган ушбу лавозимидан четлатилган.
Афсуски бизнинг жамиятда илмий фирибгарлик ва сохтакорликка бу даражада хассос қаршилик кўрсатилмайди. Яқинда Феруза Манукян тарафидан чоп этилган мақолада педагогика фанларида ёқланаётган илмий ишларнинг 90 фоизидан ошиғида сохтакорлик бор деб иддао қилинган. Бу ўта ёмон ва кескин айблов. Аммо, ажабо бизнинг жамиятнинг ва мутасаддиларнинг бундай айбловга реакцияси ва ёндошуви юқорида бахс этиб ўтилган ривожланган давлатлардақа кескин бўлармикин ва агар бу иддаолар ўз тасдиғини топса тегишли чоралар кўрилармикин?
* * *
КИТОБ ЧИҚАРУВЧИЛАР ХАҚИДА…
02/11/2023
Биз албатта барча журнал ва нашриётларни текшириб уларнинг йиртқичлик амалларини ошкора қила олмаймиз, лекин телеграм каналларида реклама қилинадиган нашриётларнинг деярли хаммаси йиртқичлик билан шуғулланишидан шубҳамиз йўқ. Биз аллақачон бир неча журналлар ҳақида батафсил суҳбат юритганмиз ва конференциялар ҳақида ҳам гапириб ўтганмиз. Бироқ, китоблар бўйича хануз суҳбат юритмаганимизнинг айрим сабаблари бор. Биринчи навбатда, ривожланган мамлакатларда, айниқса ижтимоий фанлар соҳасида, тадқиқотчиларнинг асосий мехнат маҳсулотлари илмий мақолалар бўлиб, бошқа турдаги маҳсулотлар (китоб ёки дарслик чиқариш, конференцияда доклад бериш, интервью ва подкастларда қатнашиш ва ҳ.к.) иккинчи даражали ҳисобланади. Бу турдаги нашрлар одатда илмий тақриздан ўтказилмайди ва мазмун сифати учун асосий маъсулият муаллифларнинг ўз зиммасига юклатилади. Шунинг учун, паст сифатли манускриптлар ҳам осонлик билан китоб шаклида нашр этилиши мумкин.
Аммо Ўзбекистонда китоб нашри гўёки катта ютуқ деб ҳисобланади чоғи. Масалан, ҳар бир аспирант ёки докторант, ҳимоясига чиқишдан олдин ўз диссертациясини китоб шаклида тайёрлайди ва керак бўлса уни расмий нашриёт орқали чоп этиши мумкин. Бу уларнинг катта истеъдодга эга эканлигини кўрсатади деб бўлмайди албатта. Аммо бу борада, телеграм каналларида китоб нашр этиш хизматлари кенг тақлиф этилмоқда.
Википедиянинг “vanity press” ёки “vanity publishing” тушунчаларига бағишланган саҳифаси бу амалиётнинг шухратпарастлик ёки манманлик мақсадида амалга ошириладиганлигини ва умуман салбий маънода қараладиганлигини кўрсатади. Машҳур “Beall’s List” вебсайтида ҳам алохида “Vanity Press” деб номланган сахифа бор. Бу турдаги нашриётлар, “нуфузли” журналларни чиқарадиганлардан фарқли равишда, хужжатга илмий баҳо беришни таклиф қилмайди ва шунинг учун улардан сифат талаб қилиш ҳам қийин. Агрессив маркетинг орқали улар асосан ёш, тажрибаси кам, ривожланаётган мамлакатларда фаолият юритувчи олимларни нишонга олади.
Бу сахифада, диққатингизни OMNIScriptum Publishing Group деган нашриётга қаратмоқчимиз. Ушбу нашриётнинг штаб-квартираси Латвиянинг пойтахти Рига шахрида жойлашган бўлиб, унинг шубхали амалиёти билан аллақачон жахон бўйича таниқлиги бор экан. Википедияда ушбу нашриёт ҳақида алохида сахифа ҳам бор. Уларнинг биринчи қилмишларидан бири – Википедия сахифаларидан материаллар кўчириб, уларни китоб шаклида нашр этиш бўлган экан. Бундай Википедия сахифаларининг мазмунлари асосида тузилган китобларда муаллифлар сифатида Frederic P. Miller, Agnes F. Vandome, ва John McBrewster каби шахслар кўрсатилган экан. Википедия сахифалари бепул ва очиқ манбалар бўлиб турган холда, бу китобларда “муаллифларнинг” хиссаси нимадан иборатлиги ҳақида маълумот берилмаган.
Агар OMNIScriptum Publishing Group вебсайтига кирсангиз, юқорида тилга олинган ва келтирилган телеграм каналдаги рекламада кўрсатилган барча нашриётларнинг ушбу ширкатнинг таркибида эканлигини кўрасиз.
Бугунги чиқишимизнинг якунида яна бир бор таъкидлаб ўтмоқчи эдикки, илмий тадқиқотларда сифатга эришиш машаққатли жараёндир ва бу жараён тез ва осон йўллар билан эмас, балки сабр ва мехнат билан амалга оширилиши керак. Бу жараёнда тез ва осон совринга эришишга умид қилиш нотўғри.
* * *
AND THE NOBEL PRIZE GOES TO…!
09/10/2023
Бугун Стокгольмда иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти совриндори эълон қилинди. Бу йил ушбу нуфузли мукофот лауреати деб Клаудиа Голдин эътироф қилинди. Бу аёлларга берилган учинчи Иқтисодиёт фани бўйича Нобель мукофоти бўлди. Эслатиб ўтамиз, илгари ушбу мукофотни Эстер Дуфло ва Элинор Остром қўлга килитган эдилар.
Бу йилги мукофот мехнат бозорида аёлларнинг фаолиятини тушинишишга қўшилган хисса учун берилди дейилган расмий эълонда. Шуни айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистондаям охирги йилларда аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш ва рахбарлик лавозимларга аёл номзодларни қўллаб қувватлаш буйича жуда кўп иш қилиняпти. Агар сиз аёллар рахбарларлик қилаётган худудлар ёки ташкилотлар билан эркаклар бошқараётганларни таққослаб, айнан рахбар гендерининг ролини ажрата олиб эмпирик тахлил қила олсангиз, натижаларингиз халкаро даражада нуфузга эга илмий журналларга катта эхтимол билан қизиқ бўлиши мумкин. Биз бундай журналлар таркибига албатта Телеграм каналларда реклама қилинадиган журналларни яқинлаштирмаймиз хам.
* * *
MASTERING ECONOMETRICS WITH JOSHUA ANGRIST.
27/9/2023
2021 йилда иқтисодиёт фани бўйича Нобел мукофоти совриндори, Жошуа Энгрист, жудаям қисқа ва содда шаклда эконометрикага кириш онлайн курсини яратибди. Мавзулар жудаям қизиқарли тарзда тушинтирилган, инглиз тилида албатта. Эмпирик тадқиқотлар билан шуғулланишни эндигина ўрганяпсизми, ёки аллақачон эконометрика буйича тажрибали домламисиз, барчага ушбу дастур ёқади деб ишонамиз.
* * *
BА ЯНА БИР БОР ХИНДИСТОН ХАҚИДА…
4/5/2023
Эсингизда бўлса, яқинда Хиндистоннинг йиртқич нашриётлар маркази бўлиб қолгани хақида гапирган эдик. Ютубдаги ушбу The Print номли канал айнан шу масала бўйича суриштирув ўтказиб видео таёрлабди. Мархамат, видеони кўриб Хиндистон қандай қилиб бу холга тушиб қолгани билан танишиб чиқинг.
Шуни айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистондаги телеграм каналларда реклама қилинаётган йиртқич нашрлар асосчилари ёки бошқаруви орасида айнан Хиндистонда жойлашганлари жудаям кўп. Ўзбекистондаги олимлар орасидаям билиб ёки билиб турмай йиртқичларда макола чиқариш ўта юқори даражага чиқиб кетганлигини хаммамиз биламиз. Юқорида келтириб ўтилган видеода Ўзбекистон хақида хам айтилиб ўтилган, ва бу албатта ижобий контекстда эмас (таминан 3:20чи дақиқада). Технологик мавзулар бўйича, шу жумладан жараёнларни автоматизация қилиш масаласига алохида ургу берадиган мақолалар чоп этадиган International Journal of Control and Automation номли журнал Ўзбекистон санъати ва урф-одатлари бўйича макола чоп этипти. Афсус билан айтиб ўтиш керакки йиртқичлик билан шугулланадиганлар ва йиртқич нашрларда мақоласини чиқариб олимликка эришадиганлар ватанимизнинг шанига путур етказяпти.
Эсингизда бўлсин, тарихни ўзгартириб булмайди. Агар йиртқич журналда мақола чиқарсангиз, номингизни тозалашни иложи бўлсаям осон булмайди.
Бу видеони кўриб қилган мулоҳазаларимиздан иккитасини қуйида келтириб ўтмоқчимиз.
Биринчидан: Юқоридаги видеода йиртқич ва сохта журналларда мақола чиқаришнинг зарарлари ҳақида ҳам айтиб ўтилган. Бу зарарлардан бири бундай нашрлар ортидан илм соҳасига лаёқати йўқ инсонлар кириб келиши бўлса, бошқа бир зарар бу йиртқич мақола чоп этганлар ўзлари тамсил қилган миллий илмий ҳамжамиятнинг обрўсига ҳам путур етказишидир. Шундоқ ҳам Ўзбекистонлик олим ва тадқиқотчиларнинг халқаро илмий ҳамжамиятда сифат ҳамда сон жиҳатидан мавзеълари ҳали кучлик эмас; кўпчилик танимайди билмайди ҳам. Энди шундай ҳолатда йиртқич нашрларни статистикаси тахлил қилинган халқаро тадқиқотларда Ўзбекистон билан аффилиатсия қилинган тадқиқотчилар сони ва салмоғи кўп бўлиб борса бу ватанимизнинг обрўсига путур етказади ва бунинг зарари кўпроқ тўғрилик ва ихлос билан тадқиқот олиб борадиган олимларимизга ҳам уради.
Бу видеодан чиқарилса бўладиган иккинчи дарс – бу ҳозирги кунда дунёда йиртқич нашрларга қарши огоҳлик кучайиб бормоқда. Шу видеода кўрсатиб ўтилганидай тадқиқотчилар локал ва халқаро даражада йиртқич ва сохта нашр бизнеси билан шуғулланиб келадиганларнинг иш юритиш усулларини, кўламини ва оқибатларини чуқур ўрганиб фош қилиб бермоқдалар. Шундай тадқиқот ва ташаббусларнинг ортидан кўплаб мамлакатларда йиртқич нашрларга қарши чоралар кўрилмоқда. Яқинда йиртқич нашрларга қарши курашишни мақсад қилиб олган Predatory Reports ташаббуси дунёда машҳур иккита йирик нашриёт, Hindawi ва MDPI, ҳақида кўламли ҳисоботлар эълон қилди. Бу ҳисоботларда бу икки нашриётнинг баъзи ҳаракатлари йиртқич нашриётлар ҳаракатига ўхшаб кетиши мисоллар билан кўрсатиб берилган эди. Ушбу ҳисоботлар эълон қилингандан кейин Scopus базаси бу Hindawi-нинг йигирмага яқин журналини ўз базасидан чиқариб ташлаш ҳақида қарор олганини эълон қилди. Web of Science ҳам MDPI нашриётининг флагман журналларидан баъзиларини ўз базасидан чиқариб ташлади. Кўриб турганингиздай осон йўл билан пул, обрў ёки карьера қилиш учун отилган янглиш қадамлар бир кун ошкор қилиниб бу йиртқич нашриётларнинг ва бундай журналларда мақола чоп қилган тадқиқотчиларнинг обрўсига путур етказади.
* * *
BRITISH VIEW: ИНГЛИЗЛАР БУ ЖУРНАЛНИ ЭЪТИРОФ ЭТАРМИКАН? ЕВРОПАЛИКЛАР EJR-НИЧИ?
17/4/2023
Бугунги чиқишимизни ижобий хабардан бошламоқчимиз. Яқинда, Ўзбекистон университетларининг рахбарияти иштирокида бир неча йирик тадбирлар бўлиб утди. Бизда хам шу тадбирлар давомида университетларимизнинг рахбарият аъзолари билан сухбатлашиш имконияти пайдо булди. Бизни қувонтирган холат шу бўлдики, сифатга эътибор берадиган университетларда йиртқич нашрлар муаммоси тан олиниб, бу муаммони бартараф қилиш максадида мақола чиқаришга қаратилган рағбатлантириш тизимлари ислох қилинмокда экан. Яъни, бундай университетлар устамани фақат белгиланган сифат талабига жавоб бера оладиган мақолалар учун тўлашларини бизга айтди.
Аммо, бу тадбирларда академик масъуллар билан қилган сухбат ва мунозараларимизда шу нарса маълум бўлдики, диссертация химояси учун ОАК тарафидан белгиланган талаблар йиртқич журналларни тўсиқсиз (ёки деярли тўсиксиз) қабул қилинишига йўл қуйиб келмоқда. Шунинг учун, ОАК томонидан бу муаммо кўриб чиқилишини кутиб қоламиз. Акс холда бизнинг ёш олимларимиз қўлга киритаётган илмий даражаларнинг асл қадр-қиммати қандай бўлади?
Телеграм каналларнинг бирида мана бу эълонга кўзингиз тушган бўлса, биздан 1-2 дақиқа вақтингизни аяманг.
Хўш, телеграм каналларида таърифланишича «Англиянинг ОАК тан олган ва эътироф этган базаларда индексланган юқори UIF 8.528 импакт факторли ушбу журнали» га мақолангизни топширсангиз, мақолангизни ким текшириб тақриз қилишни хал қилар экан? Журнал сайтида бу масала билан EJR шуғулланиши езилган.
EJR ким экан дейсизми? Бу European Journal of Research номли яна битта “нуфузли” журнал:
Ушбу (EJR) журналнинг сайтини юқоридаги Англия журнали сайти билан солиштириб кўришингизни тавсия қиламиз. Одатда, журнал сайтида “Aims and Scope” (ёки “About the Journal”) деган сахифа бўлади, ва бу сахифада журнал нима хақидалиги ва қайси фаннинг қайси қисмига бағишлангани хақида аниқ маълумот берилган бўлади:
Умуан олганда бу иккита журналнинг сайтлари деярли бир хил, ва аслида бу иккала нашрнинг сайтидаги деярли барча маълумот ва матнлар Польшанинг PNAP журнали сайтидан (угирлаб) олинган. Хаттоки “Peer-review policy” деган сахифаларда PNAP номи хам эсдан чиқиб қолиб кетган:
Нима бўпти, сайт матнлари кўчирилган бўлса дерсиз балки? Агар шунда хам бу иккита журнал йиртқичлигига ишонмасангиз, мархамат берилган контакт маълумотлар орқали улар билан боғланишга уруниб кўринг. Аммо биздан нега асосий контакт хам ёрдамчи контакт хам бир хил, ёки нега EJR журнални манзилини харитада қидирсам Вена шахрида жойлашган Жинирали Арена (Generali-Arena) номли стадионни парковкасига тушиб қоляпман деб сўраманг. Биз билмаймиз.
Ёки бу журналларда чоп этилган мақолалар билан танишиб кўринг. Агар Ўзбекистондан эмас, бошқа мамлакатдан бўлган муаллифларни мақоласини эркин ўқий олмасангиз хавотир олманг, чунки интернет орқали у мақолани осонгина топасиз, сабаби – у мақоланинг оригинал версияси олдинроқ бошқа жойда чоп этилган бўлиб чиқади:
Шундай қилиб, диққатингизни яна иккита шубхали журналга қаратдик, аммо илгари айтганимиздек, бу денгизда бир томчи холос. Биз телеграм каналларда реклама қилиниаётган барча журналларни текшириб бера олмаймиз. Аслида юқоридаги иккита журналларни текшириб ўтириш хам шартмас эди балки. Чунки сайтларида шубхали кўрсаткич хисобланган Universal Impact Factor (UIF) ёки Scientific Journal Impact Factor (SJIF) кўрсатилганининг ўзи кифоя.
Шунинг учун хам энг тўғри қарорингиз – телеграм каналлардаги барча журналларни инкор этишдир. Тез ва осон ютуққа интилманг! Сабр ва машаққат билан тадқиқот қилсангиз, албатта яхши натижага эришасиз!
* * *
17/3/2023
Афсуски, собиқ Совет Иттифоқи ва Шарқий Европанинг социалистик мамлакатлар худудида замонавий иқтисодиёт фани жахон андозаларидан анча орқада колиб кетган. Бунинг сабаблари турлича. Совет Иттифоқининг қулаганига мана уч декада бўлганига қарамай бу муаммо халигачаям ечим топмаган. Аммо шуни эътироф қилиш керакки, дунёнинг бу қисмида замонавий иқтисодиёт фанидан кучли тадқиқотчиларнинг критик массаси шаклланмаган бўлсада, хар битта мамлакатда ўзига хос битта ёки иккита факультет ёки илмий марказ аллақачон пайдо бўлиб жахонда ўз ўрнини эгаллаб бўлган. Албатта, буларнинг барчаси ривожланган мамлакатлардаги ташкилот ва олимларниг бевосита ёрдамида амалга оширилган. Мисоллар сифатида Москвадаги РЭШни ёки Прагадаги CERGE-EIни келтирса бўлади.
Ўзбекистонда эса, Буюк Британия билан хамкорликда ташкил этилган Тошкентдаги Халкаро Вестминстер Университети (ТХВУ) бу масалада ажралиб турса керак. Хақиқатдан хам ТХВУ жамоаси аъзолари хар йил нуфузли илмий журналларда мақолаларини чоп этиб, ростдан хам жиддий конференцияларда иштирок этиб келмокда.
Энди эса ТДИУда бу борада ташаббуслар кўпайиб бораётганини кузатиб турибмиз. ТДИУ жорий йилнинг сентябр ойида International Conference on Econometrics and Business Analytics (iCEBA) илмий конференциясига мезбонлик қилишга қарор қилган. Бу конференциянинг ташкилотчилари Тошкентга хақиқатдан хам жахонда йирик муваффақиятларга эришган иқтисодчи олимларни олиб келяпти. Уларнинг орасида Journal of Applied Econometrics асосчиси, хаттоки бир неча йил олдин Нобел мукофотини совриндори бўлиши мумкинлиги айтилган, Кембридж университети профессори Хошим Песаран, ва бошқалар бор (барча маълумотларни конференция эълонидан билиб олсангиз булади). Бу дегани, Тошкентда замонавий иқтисодиёт фани масалалари мухокама қилинади ва келажакда нуфузли журналларда чоп этилишининг эхтимолига эга мақолалар такдим этилади. Агар келажакда жиддий олим бўлишни ният қилган бўлсангиз, бу имкониятни бой берманг. Албатта мақолангизни топшириб кўринг. Топшириш муддати – 1 июн 2023 й.
Конференция вебсатйига куйидаги хавола орқали эришишингиз мумкин:
https://ceba-lab.org/conference23
Маълумот учун: CEBA маркази (ёки лабораторяси) 2016 йилда, Россия Фан Жамғармаси томонидан ажратилган грант ёрдамида ташкил этилган бўлиб, 2021 йилда Санкт-Петербург Давлат Университети қисмига айланган, ва хозирги кунда ушбу университетнинг эндаумент маблағларидан қўллаб қувватланилади. Расмий мақсади жахон андозаларига мос келадиган иқтисодий тадқиқотларни қўллаб қувватлаш. Марказ жамоаси асосан чет элда фаолият юритадиган, рус тилида гапировчи олимлардан ташкил топган. Расмий вебсайти: https://ceba-lab.org/
* * *
20/2/2023
Афсус, йиртқич журналлар хамон фаол ва олимларимизни алдаб юришипти. Журнал номида International, American, European каби сўзлар учраса, кўпчилик осонгина қармоққа илинадиганга ўхшайди. Мана мисол учун, хозир телеграм каналларда кўп реклама қилинаётган American Journal of Research деган журнални олайлик.
Албатта, тажрибасиз ва ёш тадқиқотчилар, Америкалик журналда мақола чиқаришга имконият берилса, ўзи билмаган холда қизиқиши аниқ ва йиртқичлар бундан фойдаланишга доим таёр. Лекин ушбу журнал хақиқатдан хам иддао қилаётганидай жиддий ва нуфузли илмий журналми, ёки оддий фирибгарликми? Буни билиш учун сиздан фақат 3-4 дақиқа вақт ва интернет орқали суриштириш керак булади холос.
Бу журнал эълонига назар ташласангиз, биринчи бўлиб бизга жуда яхши таниш бўлган ва йиртқич нашр белгиси сифатида танилган Scientific Journal Impact Factor номли сохта импакт фактор кўрсаткичига эътиборингиз тушади. Бундай сохта кўрсаткичлар хақида олдинроқ биз сизларга етарлича маълумот берган эдик.
Ундан ташқари, ушбу журнал мухаррирлари хақидаги маълумотлар билан танишиб чиқмоқчи бўлсангиз, қуйидаги сахифага дуч келасиз:
Кўриб турганингиздай турли хорижий олимлар исми ва ташкилоти хақида маълумот бериб ўтилган. Лекин уларнинг алоқа маълумотлари кўрсатилмаган. Мухаррирлар билан богланиш учун журнал сайтини юритиб борувчилар хеч қандай маълумот тақдим этмагани сизларни хавотирга солмасин. Гўеки ушбу журналда мухаррир деб кўрсатилган тадқиқотчиларнинг электрон почталарини осонгина гугл оркали 1-2 дақиқа ичида топсангиз бўлади (бу имейллар очиқ манбаларда мавжудлиги учун бу ерда келтиряпмиз):
Ва албатта, мухаррирлар билан боғланиб кўринг, чунки ўзини хурмат қилган тадқиқотчи ўз номини йиртқич журнал билан боғлашни хохламайди. Айримлари хайрон қолади, кимдир суриштиришни бошлайди – сиз кимсиз, бу журнал асосчилари ким, уларни қандай танийисиз каби саволлар билан. Биз мактуб йўллаган барча “мухаррирлар” бизга бу журнал йиртқич ва журнал ортидаги шахслар нопок эканини, ва бу журналда ўзларининг исмидан фойдаланилганидан бехабар эканликларини тасдиқлади.
Бу нуқтага келгунча албатта, American Journal of Research йиртқичлигига сизда ишонч шаклланган бўлса керак. Аммо агар, мухаррирлардан жавоб кутишга сабрингиз етмаса, журналда чоп этилган мақолаларга бир назар ташланг. Авваламбор, бу журналда мақоласи чоп этилаетган муаллифларнинг деярли барчаси битта мамлакатдан (яъни Ўзбекистондан) бўлиши йиртқичлик аломатларидан бири хисобланади. Эътибор берсангиз, бу журналдаям номигагина бир нечта мақола бошқа мамлакатлардаги олимлар томонидан келтирилганига ўхшашлик яратилган, аммо 95 фоиздан ортиқ мақолалар Ўзбекистонлик муаллифларга тегишли. Ундан ташқари, инглиз тили сифати пастлигини кўрсангиз, ёки, биз илгари бошқа журналлар мисолида кўрсатиб ўтганимиздек, айрим мақолалар бошқа ерда чоп этилганинига гувох бўлсангиз, бу журнал йиртқичлиги хақида шубхангиз қолмаслиги керак деб ишонамиз.
Мабодо мақолалар орасида интернетда очиқ равишда мавжуд блогпост бўлса, ишончингиз 100 фоиздан хам ошиб кетиши керак.
Ва нихоят, вебсайтда журналнинг адреси берилган бўлса, гугл хариталари сиз учун жуда фойдали бўлиши мумкин. Журналнинг сайтида Contact Us деган сахифасини очсангиз мана бу манзил берилган: 8223 Lakeshore Rd., Lexington, Michigan 48450, USA. Кўз олдингиздаги манзара жиддий ва нуфузли илмий журнал маъмурияти жойлашган ерга ўхшайдими йўқми, ўзингиз бир хулоса чиқаринг.
Ўзбекистонда 2023 йил тартибида сифатли таълим мухим ўрин олганини инобатга олган холда, бу йил йиртқич журнал ва нашриётлар орқали ёш олимларни алдаб келаётган фирибгарларга қарши бўлишингизга чақириб қоламиз.
И.Қорабоев, Н.Юсупов
Академик плагиат ғарб жамиятларида ўта жиддийга олинадиган бир феномен хисобланади. Плагиат бу академик ножўя ахлоқнинг бир кўриниши бўлиб замонавий технологиялар ривожланиши билан кунимизда афсуски плагиат пандемияга айланиб кетди. Ривожланган давлатлар ва жамиятлар плагиат ва бошқа академик ножўя харакатларга қарши жиддий ва тизимли кураш олиб боришади. Чунки плагиат каби ножўя харакатлар жамият ривожланишига жиддий путур етказади, жамиятда илм-фанга бўлган ишончни задалайди ва иқтисодиёт ва инноватсияларни ривожлантириш учун ажратилган давлат маблағларининг самарасини йўққа чиқаради. Плагиат масаласини бир неча ўн йилдан бери ўрганиб келадиган Швейтсариялик профессор Мишель Бергадаага кўра плагиатнинг ўнта асосий зарарини кўрсатиш мумкин. Қуйида Профессор Бергадаà санаб ўтган плагиатнинг ўн зарарини ўзбекчага мослаштирилган ва қисқартирилган шаклда келтиряпмиз.
Бу зарарлар қуйидагича:
(1) Плагиат энг аввало плагиат қурбони бўлган муаллифнинг кимлигини рад қилиш, йўққа чиқариш дегани. Ўз асари ўғирланган муаллиф учун плагиат бу унинг шахсий хуқуқларининг жиддий поймол қилиниши маъносига келади.
(2) Ўқувчилар хам плагиат қурбони хисобланиши керак чунки плагиат илм асосларини задалаб, ўқувчилар билан илм манбалари орасидаги алоқани кесиб узиб ташлайди.
(3) Плагиат оригинал муаллифининг келажакдаги хуқуқларини хам поймол қилиш дегани. Чунки, айниқса ёш муаллифлар оригинал тадқиқотларини фақатгина илмий конференсияларда тақдимот қилишга улгурган бўлса, уларнинг фикрларини ўғирлаган плагиатчи муаллифлар туфайли бу ёш олим келажакда ўзига тегишли бўлган фикрларни ёзаётганда бошқаларнинг асарига иқтибос келтиришга мажбур бўлади.
(4) Плагиат маъносиз ва кераксиз тадқиқотларни кўпайишига олиб келади.
(5) Плагиат тизимни алдаб келади. Сохтакор тадқиқотчилар плагиат орқали қисқа вақтда ўзларининг CV’ларини шишириб ўзлари хақ этмаган илмий даражалар ва академик унвонларга эга бўлиб олишади. Плагиат кўпайган ва плагиатга қарши курашилмайдиган тизимларда сохтакорлар мукофотланиб холис ва халол тадқиқотчилар жазоланади.
(6) Плагиатчи муаллифлар аста секинлик билан плагиатга шўнғиб кетади ва вақт ўтиши билан академик ва шахсий ахлоқни унутиб академик ножўяликсиз яшай олмайдиган бўлиб қолади. Плагиатдан бошқа академик ножўяликларни хам қилишни бошлайди. Масалан сохта далилларни ясаш.
(7) Плагиат илмий журналларнинг фаолиятига хам зарар беради. Академик журналларнинг асосий миссияси академик билим мухофизлари хисобланади. Плагиат эса ушбу миссияни задалайди.
(8) Плагиат инсонлардаги ёмон хулқни ўртага чиқариб кучайтириши мумкин. Баъзида папараззи каби харакат қиладиган плагиат овчилари турли шахсларга асоссиз плагиат тамғаси ёпиштириб инсонларнинг шахсиятига жиддий путур етказиши мумкин.
(9) Плагиат таълим муассасаларига путур етқазади. Плагиатнинг асосий қурбони бу таълим муассалари хисобланади. Плагиат айбловига маъруз қолиш таълим муассасаларининг обрўсига жиддий зарба беради.
(10) Таълим ва тадқиқот муассасалари плагиат иддаоларини текшириб чиқиш учун катта харажатлар қилиши керак. Моддий харажатлардан ташқари, обрўвий зарарлар, йўқотилган вақтни хам хисобласак плагиатга қарши кураш жамиятга ўта қимматга тушади.
Мақоланинг аслини инглиз тилида ушбу хавола орқали ўқисангиз бўлади: https://irafpa.org/en/methods/investigating-cases-of-plagiarism/the-ten-consequences-of-plagiarism
И.Қорабоев, Н.Юсупов
И.Қорабоев, Н.Юсупов
ЙИРТҚИЧЛИК БИЗНЕСИ ХАҚИДА.
15/12/2022
Биздан кўпинча у ёки бу журнал ҳақида фикримизни сўрашади: фалончи журнал/нашр йиртқичми; ёки, бу журнал келажакда йиртқич журнал тамғасига лойиқ бўлиши мумкинми деган саволлар келиб туради. Биз бу лойиҳамизда аллақачон йиртқич журналларнинг белгилари ва хусусиятлари ҳақида батафсил маълумот келтирганмиз. Сиз қандайдир журнал ҳақида фикрга эга бўлмоқчи бўлсангиз, шу юқорида тушунтириб берилган йиртқич журнал белгилари асосида сизни қизиқтирган журнални анализ қилиб ўзингиз хулосага келишингиз мумкин. Ундан ташқари, сиз сифатли тадқиқот нималигини ҳам яхши англаб етган бўлишингиз керак. Ёш бўлсангиз ёки тажрибангиз кам бўлса, устозларингиз ва илмий раҳбарларингизнинг дастаги ва фикрларига таянишингиз мумкин.
Биз албатта вақт топганимизда, айрим журналлар хақида суриштирув ўтказиб сизга маълумот бериб борамиз. Мана бир неча кун олдин, биз ўтган йили текширган Berlin Studies номли журнал ОАК руйхатидан олиб ташланди деган хабар эълон килинди. Бу албатта яхши, аммо бу денгиздан бир томчи холос. Бундай журналлар сони юзлаб, балки минглаб хам, саналса керак. Бирма бир журналларни текширишга хеч кимнинг вақти етмайди.
Энг муҳими, ушбу хабарнинг асосий қисми битта журнал рўйхатдан чиқарилгани эмас, балки ОАК томонидан журналлар рўйхатини умуман бекор қилиш бўйича таклиф ишлаб чиқилган эканлигидир. Ушбу таклиф қачон ва кимга тақдим этилган, нега расмий равишда тегишли давлат органлари томонидан қабул қилинмаётгани бизга жудаям қизиқ. Ундан ташкари ОАК сайтидаги баёнотида Berlin Studies журнали “2016 йилда олий таълим муассасаларининг тавсиясига асосан рўйхатга киритилган” экан. Айнан ким тавсия қилганини билсак бўладими деган савол туғилади бизда, чунки жамият ўз қахрамонларини билишга хақлику. Давлатимиз рахбари биринчи ўринда миқдор эмас балки сифат бўлиши кераклигини йиллар бўлди айтиб келади. Лекин шунга қарамасдан ОАК рўйхатида юқоридаги Berlin Studies журнали мисолидаги каби сифати паст нашрлар ва сохта импакт фактор кўрсаткичлари мавжудлигини тушуниш қийин.
Шуни билишимиз керакки, йиртқич журналларни чоп қилиш салмоқли бир бизнесга айланиб кетган. “Йиртқич журналлар: ўзига хос пандемия“ мақоласи муаллифига кўра йиртқич журналлар бозорининг ҳажми 74 миллион АҚШ доллари атрофида. Россиядаги йиртқич нашрларни ўрганиб чиққан Анна Абалкинага кура фақатгина бир йиртқич сайт 2019-2021 йилларда 6,5 миллион АҚШ долларлик айланмага эга бўлган. 2019 йилда АҚШ маҳкамаси Ҳиндистонлик йиртқич нашриёт Omics Internationalни 50.1 миллион АҚШ доллари миқдорида жаримага ҳукм қилган. Айбловчи томонга кўра (АҚШнинг Федерал Савдо Комиссияси) бу ширкат 2011 йил 25 августдан 2017 йил 31 июлга қадар, айнан шунча фойда кўрган экан. АҚШ судига кўра Omics International ширкати йиллар давомида илмий хамжамиятни ўзининг журнал ва конференцияларини сифати хақида ёлгон маьлумотлар билан алдаб келган. Масалан ширкат сайтида ўз журналларида чикадиган мақолалар сифатли тақриздан ўтиши ва бу мақсад учун ширкатнинг 50 мингга якин экспертлар тармоги борлигини таъкидлаб келган. Аммо ширкат аслида мақолаларни сифатли тақриздан ўтказмаган ва илмий қадрияти шубхали бўлган маколаларни пул эвазига чоп этиб келган. 50 мингта эксперт тармоги хам хақиқатга тўгри келмайди ва журнал сайтидаги эксперт маълумотлари тегишли шахслар розилигисиз кўйилган.
Судга кўра Канада газеталаридан бирида ишлайдиган журналист маъносиз жумлалар билан ёзилган, хаттоки инглиз тилида мавжуд бўлмаган тўқима сўзлар ишлатилган мақолани Omics Internationalни журналига юборади ва бу журнал ушбу журналист юборган мақолани хеч кандай текшириш еки тақризсиз расмий равишда чоп қилади. Албатта, Ҳиндистондан жуда кўп дунё миқёсида олимлар, Амартя Сен ёки Абижит Банержи каби Нобел мукофоти совриндорлари етишиб чиққан. Аммо шу билан бирга, Ҳиндистон бугунги кунда йиртқич нашрларнинг норасмий марказларидан бирига ҳам айланиб қолган.
Бизнинг фикримизча, Ўзбекистондаги йиртқич журналлар бозори йилига камида 1 миллион доллар ҳажмга эга бўлса керак. Аслида ундан ҳам анча кўпдир. Афсуски, ҳозирги тизим йиртқич нашрлар бозорини шаклланишига қулай муҳит пайдо бўлишига олиб келган. Олимлар учун хорижда мақола чиқариш мажбурияти бор, афсуски ичида кўплаб йиртқич нашр ва сохта импакт факторлар бўлган ОАК рўйхати хамон мавжуд, хорижда мақола чиқариш ёки хорижий журналларда таҳрир ҳайъатига кириш учун устамалар тадбиқ қилинган ва шунга ўхшаган критериялар, тан олишимиз керак, кўплаб йиртқич академик тадбиркорларни ўртага чиқишига сабаб бўлди.
Бу йиртқич тадбиркорлар ўз усулларини доим ўзгартириб, мукаммаллаштириб боришади, ўзларини яширишни яхши билишади. Агар бирор журнал йиртқич журнал сифатида фош бўлса, зудлик билан бу журнални орқасидаги шахслар журнални номини ўзгартириб ёки янгисини очиб фаолиятларини давом эттиришади. Чунки, сохта журнал очиш учун мураккаб кўникмаларга эга булиш шарт эмас, вебсайт яратишни билишни узи кифоя. Шунинг учун ҳар бир тадқиқотчи ўзининг устида ишлаши керак, йиртқич журнал ва сохта импакт факторлардан огоҳ бўлиши шарт. Ҳар бир олим ҳақиқий илм билан сохта илм орасидаги фарқни яхши англаб олиши керак, сифатли нашр билан сифатсиз йиртқич нашрни бир биридан ажратаолиши керак.
И.Қорабоев, Н.Юсупов
ВИКТОРИНА: ЙИРТҚИЧНИ ТОПИНГ!
10/12/2022
Биринчи савол:
Иккинчи савол:
P.S. Фикримизча, шу каби викторина орқали биз сизга етказмокчи бўлган маълумотимизни ифодала оламиз деган умиддамиз. Афсус, синчиклаб тушинтириб ёзиб ўтиришга вақтимиз доим топилмайди.
И.Қорабоев, Н.Юсупов
СОХАНГИЗДАГИ МУХИМ ШАРХИЙ МАҚОЛАЛАРНИ БИЛИНГ
02/12/2022
Биз айтиб ўтганимиздек, иқтисодиёт фанида энг нуфузли бешта журналга Big Five деб ном берилган ва Эконометрика журнали ҳам шу беш журналлар орасига киради. Ушбу журналнинг сўнгги сонида 2021 йили эконометрик методологиялар бўйича қилган тадқиқотлари учун Нобел мукофотига сазовор бўлган олимлар қаламига мансуб шарҳий мақолалар чоп қилинибди. Бундай мақолалар тадқиқотлар билан шуғулланишга жиддий бел боғлаган ёшлар учун ажойиб имконият тақдим этади. Бу шарҳий мақолалар орқали Нобел совриндорларини ҳам ўз ичига олган энг илғор ва машхур олимлардан билим олсангиз бўлади. Эмпирик тадқиқотларга қизиқиб, бу соҳада тадқиқот олиб борувчиларга ушбу мақолаларни тавсия этамиз.
Умуман олганда, иқтисодиёт фанининг турли йўналишлари бўйича шарҳий мақолалар ўқиб бориш учун Journal of Economic Perspectives номли журнални тавсия қиламиз. Бу журналдаги мақолаларнинг муаллифлари одатда ўз соҳасида тажрибали ва обрўга эришган олимлар бўлади ва бу журналнинг мақолалари матнлари журналнинг сайтида очиқ эришимда мавжуд бўлади. Иқтисодиёт фанида сизни қизиқтирган соҳага муқаддима вазифасини бажарувчи сифатли мақолалар керак бўлса, шу журнални қараб кўришингиз мумкин. Сифатга интилинг, йиртқич нашрлардан узоқ туринг
И.Қорабоев, Н.Юсупов
THE PREDATOR EFFECT BY SIMON LINACRE
22/11/2022
Хурматли муштарийлар, биз бугун диққатингизни янги китобга қаратмоқчимиз. Илмий журналлар хақида аналитик маълумотлар базасини юрғизадиган Cabells компаниясида кўп йиллар ишлаган ва илмий йиртқичлик хақида кўп мақолалар чоп этган Саймон Линекр қаламига мансуб The Predator Effect деб номланган китоб инглиз тилида ёзилган бўлиб, тўлиқ холда интернетда очиқ нашр қилинган.
Биз ушбу лойихамизда илғори сураётган ғоялар сизга бефарқ бўлмаса, бу китоб хам сиз учун қизиқарли бўлади деб ишонамиз. Номидан кўриниб турганидек, бу китоб йиртқич журналлар хақида. Яқин келажакда сизларни бу китобда ёритилган асосий масалалар, ғоялар ва хусолалар билан таништириб борамиз. Бизни кузатишда давом этинг.
И.Қорабоев, Н.Юсупов
ТАБРИКЛАЙМИЗ! СИЗ ЭНДИ ЙИРТҚИЧ ЖУРНАЛДА МУХАРРИРСИЗ!
17/11/2022
Йиртқич нашрлар омилини ўрганиб чиққан олимларга кўра халқаро журналларда мақола чоп қилиш қоидаларидан хабари йўқлик ва халқаро илмий стандартларни билмаслик еш олимларни йиртқич нашрлар қопқонига тушиб қолишига асосий сабаблардан бири. Биз бу лойихамизда еш олим ва тадқиқотчиларни йиртқич нашрлар қурбони бўлиб қолишининг олдини олиш мақсадида турли йиртқич журналлар, сохта импакт факторлар еки нопок нашрлар хақида огохлик яратишга уриниб келмоқдамиз. Изланишларимиз хозирги кунда телеграм еки фейсбук каби ижтимоий тармоқларда қаттиқ реклама қилинаётган журналларнинг (деярли) барчаси сохта ёки йиртқич эканлигини кўрсатди ва биз бу кузатувларимиз натижаларини сизлар билан бахам қилиб келмоқдамиз. Биз келтирган барча маълумотлар кўп ёш олимларга ёрдам берди деб ишонамиз.
Аммо афсуски қилаётган иши нотўғрилигини била туриб йиртқичлик фаолиятини давом этаётганлар сони камайиши кузатилмаяпти чоғи. Тизим рахбарлари илмий фаолиятни қўллаб қувватлаш ва фаннинг ривожига туртки бериш мақсадида татбиқ қилаетган чораларни бундай йиртқич тадбиркорлар ўзларининг моддий манфаатлари учун суистемол қилиб қелишмокда. Бундай суистемолга мисол сифатида хорижий илмий журналларда мухаррир бўлганларга устама тўлаш амалиетини кўрсатишимиз мумкин. Ушбу устама жорий қилингандан бери телеграмдаги йиртқич академик тадбиркорлар каналларида тўлов эвазига сохта журналларда мухарририят аъзолигини таклиф қилиш кўпайиб кетди. Мисол сифатида диққатингизни мана бу эълонга қаратмоқчимиз:
Кўриб турганингиздек, бу эълонда ‘Asian journal of pharmaceutical and biological research’ журналида ушбу канал воситачилигида тахрир хайъати аъзоси булган Ўзбекистонлик тадқиқотчилар табрик этилаяпти.
Биринчи навбатда, биз учун огохлантириш белгиси бўлгани, ушбу журналимиз “Universal Impact Factor” ва “Scientific Journal Impact Factor”-га эгалигини иддао қилиши бўлди. Биз илгари айтиб ўтганимиздек, Clarivate Analytics компанияси томонидан эълон қилинмаган импакт факторлар барча учун шубха туғдириши керак.
Хаммага маълум бўлган Beall’s List рўйхатида эса иккала кўрсаткич хам йиртқич ёки алдамчи импакт факторлардан бири сифатида кўрсатилган. Мана ўша сайтдан Universal Impact Factor ва Scientific Journal Impact Factor (Sjifactor) кўрсатилган скриншот.
Телеграм каналига кўра бу журнал 2013 йилда фаолиятини бошлаган эмиш. Аммо журналнинг сайтида у 2011 йилдан бери фаоллиги айтилган. Журналнинг сайти эса, ёки домейни, 2021 йилнинг январ ойида рўйхатдан ўтилган экан. Бу дегани журнал фаолият бошлаганига хали 2 йил хам тўлмаганини англатади.
Майли, реклама қилганлар адашипти дерсиз балки. Лекин ундан ташқари бу журналнинг сайтида у Open Access турдаги журналлиги иддао қилинган, аммо архивига кириб эски сонлардаги мақолаларни ўқимокчи бўлсангиз уларга очиқ эришув мавжуд эмас. Агар pdf хаволасига боссангиз логин сўрайди, яъни аъзо бўлишингизни талаб қилади. Балки аъзолик олиш текиндир хам, лекин бизга Open Access туридаги мақолани ўқиш учун қандай бўлишидан қатъий назар тўсиқ борлиги шубха туғдирди, ва биз бу холатни аниқлаштириш учун севимли Google қидирув хизматидан фойдаланишга қарор қилдик.
Бизнинг шубха ва гумонларимиз асоссиз эмас экан. Журнал сайтида кўрсатилган эски сонлардаги мақолалар бошқа журналларда у сонлардан анча кейин чоп этилган мақолалар билан тўлдирилган бўлиб чиқди. Бу муаллифларни бу журнал гўёки анчадан бери фаолият кўрсатаётган журнал деб чалғитиш учун бўлса керак. Чунки, эътибор берсангиз, юқоридаги рекламада “2013 йилдан бери фаолият юритиб келаётган илмий журналлар 1-2 йил очилган шубҳали журналлардан афзалдир” дейилган.
Масалан 2012 йилда чоп этилган деб кўрсатилган бу журналнинг илк сонини олайлик. Бу сондаги мақолаларнинг (деярли) барчаси илгари 2535-2040 ISSN рақами остида мавжуд бўлган, Мисрда жойлашган Миниа Университети томонидан нашр этилган “Journal of advanced Biomedical and Pharmaceutical Sciences” журналининг 2018 йилда чоп этилган сонларидан кўчириб олинганига гувох бўлдик.
Энг кулгилиси, ушбу журналимизнинг мухаррирлик сиёсати деб номланган сахифасида “Any manuscript or substantial parts of it, submitted to the journal must not be under consideration by any other journal. In general, the manuscript should not have already been published in any journal or other citable form” дейилган. Бу дегани бу журналда чиққан мақола (хаттоки мақоланинг йириқ қисми хам) бошқа журналга топширилиши мумкин эмас, демак бошқа журналда чоп этилиши хам мумкин эмас дегани.
Албатта, биз олдин хам айтиб ўтганимиздек, тиббиёт ёки фармацевтика сохасида биз мутахассис эмасмиз. Аммо, оддий мантиққа асосланиб ва барчага тенг берилган интернет манбалари орқали топган маълумот асосида, шубхали амални хақиқий илмдан озгина бўлса хам ажрата оламиз деб ўйлаймиз. Шундай қилиб энди бу Asian journal of pharmaceutical and biological research журналининг янги сонига келсак. Мана бу холатга эътибор беринг:
Кетма кет берилган бу икки матннинг биринчиси телеграм канал орқали мақолалар қабул қиладиган “Asian journal of pharmaceutical and biological research” журналининг сайтида 2022 йили чоп этилган мақола, иккинчиси эса нуфузли “Journal of Hepatology” журналида 2020 йилда нашр қилиниб PubMed сайтида жойлаштирилган мақола. Эътибор билан қараганингизда бу икки матн орасида нечта фарқ топа олдингиз? Хеч кандай фарқ йуқ ва биринчи матн шунчаки иккинчи матннинг ўғирланиб муаллиф исми ўзгартириб қуйилган шакли холос. Афсус, аниқланган бундай фактлар ушбу журнал нопоклигига ишонч хосил қилмоқда.
Шу билан ушбу “Asian journal of Pharmaceutical and biological research” деб номланган журнал хақида, унинг йиртқичлиги ёки сохталиги хақида етарлича маълумот тақдим қила олдик деган умиддамиз. Ўз илмий фаолиятингиз учун, муаллиф сифатида бўладими мухаррир сифатидами бўладими, журнал танлашда телеграм каби ижтимоий тармоқларга ишонманг деб илтимос қилиб қоламиз. Бизни кузатишда давом этинг. Қўлимиздан келганча фойдали маълумотларни сиз билан ўртоқлашишга харакат қиламиз.
И.Қорабоев, Н.Юсупов
P.S.: Тошкент шахридаги Ёджу техника институти профессори, Одилова Гулнозанинг айтишича, бундай қилиб йиртқич журнал мухаррири бўлиб олиш, тахминан 1 минг АҚШ долларига тушар экан. Бевосита мана бу видеонинг тахминан 45чи дақиқасида гувох бўлишингиз мумкин: https://www.youtube.com/watch?v=II4s-wgFcb0.
31/10/2022
UPDATE: Berlin Studies ОАК руйхатидан олиб ташланди. (08/11/2022)
UPDATE: Berlin Studies сайти яна ишлаяпти. Афсус. (15/11/2022)
Бизга етиб келган хабарларга кўра, биз тахлил қилган Berlin Studies йиртқич журнал вебсайти ёпилибди. Сабаби нимада эканлиги бизга номаълум. Журналнинг асосчилари ёпган бўлишиям мумкин, хостингни таъминлаб берувчи компанияси ўз хизматини тугатишга қарор килган бўлишиям мумкин. Нима бўлишидан қатъиий назар, бу ёпилиш вақтинчалик эмас ва дунёда йиртқич журналлар сони биттага бўлсаям камайган деб ишонишни хохлар эдик.
Энди қанча олимларимиз ўз мақоласини шу журналда чиқарганини бир ўйлаб кўринг, у мақолалар учун устамалар тўлангандир, кимдир илмий ишини химоя қилгандир, ва хк. Барча сарфланган вақт, куч ва халқнинг пули қаерга кетди энди? Афсуски, бундай журналлар жудаям кўп…
Биз бу лойихамизда Berlin Studies ва унга ўхшаган сохта журналлар ўрнакларини ёритишда давом этамиз. Мақсадимиз ёш тадқиқотчиларга сохта журналлардан узоқ туришга ёрдам бериш. Бизни кузатиб боринг. Бу ерда биз тақдим қиладиган маълумотлар барчага ёрдам беради деган умиддамиз.
И.Қорабоев, Н.Юсупов
20/10/2022
Биз бу лойиҳамизда йиртқич журналлар ҳақида тушинтиришлар бериб боришга бошлаганимиздан бери, бизга ижобий ўзгаришлар ҳақидаги хабарлар билан бирга ачинарли ҳолатлар ҳақида ҳам маълумотлар келиб туради. Биз ўзимиз ижтимоий фанларда тадқиқотчи бўлганимиз сабаб, табиийки кўпроқ Ўзбекистонда айнан ижтимоий фанлар ривожи қандай кечаётгани ҳақида фикр юритиб келамиз. Совет даврида ижтимоий фанлар анча орқада қолиб кетган, шунинг учун ҳам ҳозиргача бизда иқтисод, сотсиология, ва шу каби ижтимоий фанларда замонавий тадқиқотлар олиб бориш, халқаро миқёсда нуфузли илмий журналларда мақолалар чоп қилишни ривожлантириш қийин кечаяпти деган хулосалар бор ва биз шу хулосаларга қисман қўшиламиз.
Аммо ачинарлиси шуки, инсон ҳаёти ва саломатлигига тўғридан тўғри боғлиқ бўлган тиббиёт фанларида ҳам йиртқич журналлар фаоллашганини кўриш ҳар қандай инсонни хавотирга солади. Шундай қилиб яқинда ‘European Journal of Molecular Medicine’ номли журнал эътиборимизни тортиб қолди.
Бу журналнинг wеб адреси Индонезия домейнига (ejournals.id) эга бўлгани учун бизда энг аввало ‘Нега ўзини Европа журнали деб тақдим қиладиган нашр Индонезия домейнида жойлашган?’ деган савол туғилди. Албатта биз журналнинг сайтини ҳам кўриб ўрганиб чиқдик ва сайтда йиртқич нашрларнинг кўплаб белгиларига дуч келдик. Масалан, ‘Журнал Ҳақида (About the Journal)’ саҳифасидаги матн (https://ejournals.id/index.php/EJMM/about) анчадан бери мавжуд нуфузли BMC Medicine деган журналнинг сайтидан (https://bmcmedicine.biomedcentral.com/about) тўғридан тўғри ҳеч қандай ўзгариш билан кўчириб олинган.
Албатта биз тиббиёт соҳасида мутахассис бўлмаганимиз учун мақолаларнинг илмий жиҳатлари ҳақида объектив баҳо бера олмаймиз. Шундай бўлса ҳам, биз кўриб чиққан мақолаларда шаклий жиҳатлардан кўплаб камчиликлар борлигини ва албатта бундай сифатсиз тайёрланган мақолаларнинг илмий ҳиссаси юқори бўлаолмаслигини ифода эта оламиз. Ундан ташқари, инглиз тилида чоп этилган мақолаларнинг инглиз тили даражаси ҳам унча юқори даражада деб бўлмайди. Буни, албатта бизни шахсий фикримиз деб олишингизга қаршилигимиз бўлиши мумкин эмас. Аммо, журнал ўзини инглиз тилида фаолият олиб борадиган халқаро нашр сифатида тақдим этса ҳам, сайтда рус тилида ҳам анча мақолалар борлигини кўрдик. Ҳа айтганча, сайтда чоп этилган мақолаларнинг муаллифларнинг асосий кўпчилиги (балки 100% бўлиши ҳам мумкин) Ўзбекистонлик экан.
Энди журналнинг муҳаррирлари ва таҳрир ҳайъати азоларига ҳақида ҳам гапириб ўтсак. Биз ўтган йили мухокама қилган Berlin Studies журналидан фарқли равишда, бу журналдаги хорижлик “мухаррирлар” хақиқатдан хам мавжуд ва тиббиёт сохасида фаол инсонлар экан. Журналнинг муҳаррирлар жамоасига бағишланган саҳифасида олимларнинг исм-шарифи ва иш жойидан бошқа маълумот бўлмагани учун биз ўша олимлар аксариятининг электрон адресини Google қидирувдан осонликча топиб аниқлаштирдик. Айримларининг адреси бевосита иш жойи сайтларида бор. Бошқалариникини эса улар чоп этган мақолаларда келтириган муаллифлар ҳақидаги маълумотлардан олдик. Кўпчилиги асосий иш жойи тарафидан берилган расмий электрон адресини ишлатишини қуйидаги рўйхатдан кўришингиз мумкин (бу имейллар очик манбаларда мавжудлиги учун бу ерда уларни келтиряпмиз).
Мақсадимиз, булар хақиқатдан хам мавжуд олимлар бўлгани учун, турли йўллар билан интернет ресурслари орқали суриштирувларга қимматбахо вақтимизни йўқотмасдан, ушбу “мухаррирларга” тўғридан тўғри саволларимизни йуллаш эди. Биз журнал сайтида журнал муҳаррири деб кўрсатилган юқоридаги хорижлик олимларга электрон почта орқали хат ёзиб улардан ҳақиқатдан ҳам шу ‘European Journal of Molecular Medicine’ журналининг муҳарриримисиз ва вақтингиз бўлса шу журнални сайтини кўриб чиқиб ўз таассуротларингизни ёзиб юбораоласизми деб сўрадик.
Биз жўнатган сўровга биз кутгандан анча тез жавоблар келишни бошлади ва, албатта, биттасиям бизнинг хатимизга хурсандчилик билан ижобий жавоб бермади. Қуйида биз сизга улардан бирининг, энг қисқа ва лўндаларининг, скриншотини ҳавола этамиз. EJMM журнали сайтида муҳаррир деб кўрсатилган Giacomo Caio қисқача қилиб айтганда ‘Менинг бу журнал билан ҳеч қандай алоқам йўқ. Бу журнал (EJMM) йиртқич журналдан ҳам баттар, ғирт фирибгар журнал экан’ деб жавоб ёзибди.
Хулоса ўзингиздан. Айтганча, бу журнал бизга бир-икки йил олдин Ўзбекистонлик муаллифлар орасида оммабоп бўлган ва кейинчалик (биз башорат қилганимиздек) Scopus илмий нашрлар базасидан чиқариб ташланган “European Journal of Molecular and Clinical Medicine” журнали воқеасини эслатиб юборди. Биз бу журнал хақида, йирик бир тадбирда, Ўзбекистондаги бир неча олий ўқув юртлари ходимлари ва рахбарияти қатнашган аудиторияга қилган тақдимотимизда сўз юритган эдик.
Эпилог сифатида: “Ҳамма нарсани кечирса бўлади, аммо тиббиётда сусткашликни кечириб бўлмайди” – президент Ш.Мирзиёев.
И.Қорабоев, Н.Юсупов
15/10/2022
Бу эса биз ўтган йил ёзда тақдим қилган илмий мақоладан:
Ривожланган мамлакатларда тан олинган импакт факторлар ҳар йил ёзда Clarivate Analytics компанияси томонидан чоп қилинадиган Journal Citation Report (JCR) деган хужжатда эълон қилинади. Ривожланган давлатларда импакт фактор деганда айнан шу JCR’да чоп этилган кўрсаткич назарда тутилади. Бу хақида хам биз чиқишларимизда сўз юритгандик. Илгари, JCR’ни Thomson Reuters конгломерати таркибидаги Institute of Scientific Information (ISI) ширкати чиқарган. Шунинг учун, айрим жоларда “ISI импакт фактори” деган иборани ҳам учратса булади.
Йиртқич журналлар эса методологияси аниқ ва шаффоф бўлмаган, баъзида эса ҳеч қандай методологияга таянмаган қалбаки ‘импакт фактор’ кўрсаткичларини бехабар тадқиқотчиларга сотишга уринади. Қисқа перспективада шундай журналларда жуда қисқа вақтда чиқарган мақолангизнинг сизга қандайдир фойдаси бўлиши мумкин. Масалан, қалбаки импакт факторли журналда мақола чиқариб PhD ҳимоя қилиб олиш ёки пул мукофоти олиш мумкин. Лекин узоқ муддатли перспективада, тадқиқотчи олимнинг энг катта неъмати, энг муҳим бойлиги бу унинг олим сифатида обрўси, репутацияси ҳисобланади. Йиртқич журналда мақола чиқарганингиз туфайли обрўйингизга доғ тушса уни ювиб юборишингиз осон бўлмайди. Ҳаттоки, бундай доғ сизнинг келажакдаги илмий фаолиятингиз ва карьерангизга ўта жиддий зарар этизиши мумкин. Шунинг учун биз сохта импакт факторлардан огох бўлишингизни ва бундай йиртқич журналлардан узоқ юришингизни тавсия қилиб қоламиз.
И.Қорабоев, Н.Юсупов
11/10/2022
Уз илмий тадқиқотларидан ташқари, Бен Бернанке, АКШнинг марказий банки, яъни Federal Reserve System, рахбари сифатида фаолият юритгани билан кўпчиликка таниш бўлса керак. Даймонд-Дибвигнинг банк саросимаси модели эса, аллақачон дарсликлардан ўрин олган.
И.Қорабоев, Н.Юсупов
DOI НУФУЗ БЕЛГИСИМИ?
25/01/2022
Ижтимоий тармоқларда йиртқич нашрлар ва улар билан ишлаб пул топадиган ўртакашлар тажрибасиз ёш тадқиқотчиларни сохта кўрсаткичлар билан алдаб юриши одатий хол. Шу мавзуда биз ўтган йили қалбақи импакт факторлар хақида бахс юритгандик. Шунинг учун орада бир қаллоблар томонидан ғаразли мақсадларда ишлаб чиқилган янги сохта импакт факторнинг пайдо бўлиши кўп ажаблантирмайди. Аммо, яқиндан бери ўзбек тадқиқотчиларига осон мақола чиқартириб беришни ваъда қилиб юрган телеграм каналларда интернет оламида техник бир функцияга эга бўлган унсурни ‘нуфузли базалар’дан бири сифатида кўрсатилишини кузатяпмиз. Гап DOI хақида кетяпти.
Рекламаларда DOI нуфузли база сифатида танитилиб, улардан сотиб олинган (бу телеграм каналлар орқали мақола чиқараётганларни бозордан брак мол сотиб олаётганлар билан тенглаштирса бўлади) хар бир мақолага алохида DOI рақами берилиши айтилади. DOI хақида қисқа маълумот беришдан олдин юқоридаги иддаоларда иккита катта хато, алдов борлигини таъкидлаб ўтсак: Биринчидан, DOI – бу Скопус ёки JStor-га ўхшаган база эмас; Иккинчидан, DOI хеч қанақасига нуфуз ёки сифат белгиси хам эмас.
Унда DOI нима? Содда қилиб айтганда DOI бу интернет тармоғига ма’лум бир шаклда (илмий мақола, ма’лумотлар тўплами, ёки расмий нашрлар) жойлаштирилган матнга доимий равишда бириктирилган доимий хавола (пермалинк) хисобланади. Инглизчада ‘Digital Object Identifier’ деб очиладиган бу қисқартма номидан билиниб турганидай, интернетда нашр қилинган академик ёки расмий матнларни топишга хизмат қилади. DOI рақами URL адреси сифатида шакллантирилади ва хеч қачон ўзгармайди. Матн бир домейндан бошқасига ўтказилса хам айни DOI рақами (я’ни оригинал URL адреси) сақланиб қолади. Шунинг учун мақола ёки расмий нашр биринчи марта жойлаштирилган сайт ёпилиб кетганда мақола бошқа янги сайтга кўчирилса сиз янги сайтни адресини билишингизга хожат қолмайди, мақоланинг DOI рақами билан қайси сайтда бўлишидан қат’ий назар айни мақола матнига эришсангиз бўлади. Бу жихатлари билан албатта DOI рақами жуда функционал ахамиятга эга ва изланувчиларнинг ишини қулайлаштиради. Лекин DOI рақами ўзи ишора қиладиган матннинг сифати хақида хеч нарса айтмайди.
DOI рақамларини ишлаб чиқарган ва DOI тизимини бошқариб турадиган ташкилот 2000-йилда тузилган International DOI Foundation (IDF – Халқаро DOI Жамғармаси) хисобланади. IDF бугунги кунда ўзининг талабларига жавоб берадиган бир қанча ташкилотлар билан хамкорлик қилиш орқали DOI тизимини ишлатиб келади. IDF билан расмий хамкорлиги бўлган ташкилотлар (масалан CROSSREF ёки DATACITE сайтлари) матнлар учун индивидуал DOI рақамлари эмиссияси билан шуғулланади. Одатда, журнал ёки бошқа нашриётлар ўзлари нашр қиладиган матнлар учун DOI рақамини CROSSREF ёки DATACITE каби ташкилотлардан моддий тўлов эвазига сотиб олишади. Масалан, CROSSREF сайтида бир матн учун DOI рақами бахоси атиги 6 Америка центидан (ўзбек сўмида 650-700 сўм) бошланади.
Кўриб турганингиздек DOI рақами мақсади тамомийла техник бўлиб, интернетда нашр қилинган академик ёки расмий матнларнинг жойлашган жойини топишга хизмат қилади. Хар қандай нашриёт ёки шахс CROSSREF ёки DATACITE каби сайтларга мурожат қилиб тўлов эвазига хар қанақа матн учун индивидуал DOI рақами сотиб олса бўлади. Ва, DOI рақамини олиш унча қиммат турмайди, олти америка центидан бир америка долларигача харажат кетиши мумкин холос. Энг асосийси, DOI рақами ўзи бириктирилган матннинг таркиби ёки сифатида хақида хеч қандай ма’лумот бермайди. Фақат ва фақат ўша матннинг бугунги кунда интернетда жойлашган ерини топиб беришга ярайди.
Демак, ёш тадқиқотчиларга сон ва тез шухрат ва’да қилиб ўз қармоғига илинтираман деб юрган моддий ғараз пешида бўлган телеграм каналлари ўзлари таклиф қилаётган нашрларда DOI рақами мавжудлигини сифат ва нуфуз белгиси деб айтишлиги катта бир ёлғондан бошқа нарса эмас. Бундай ёлғонларга ишониб сохта журналларда сифатсиз мақола чиқариш учун пулингизни сарфлаб юрманг. Бу емаган сомсага пул тўлаш дегани. Чунки бунақа мақолалар хам сизнинг илмиы салохиятингиз ва обрўингизга, хам хамёнингизга путур етказади. Билингки, обрўли халқаро журналларнинг аксарияти мақола чоп қилмоқчи бўлган муаллифлардан хеч қанақа тўлов олмайди.
DOI рақами, унинг қандай ишлаши ва вазифалари хақида тўлиқ ма’лумот учун мана бу манбага мурожат қилишингиз мумкин:
И.Қорабоев, Н.Юсупов
ЙИРТҚИЧ ЖУРНАЛЛАРНИНГ ЗАРАРИ ХАҚИДА.
23/12/2021
Йиртқич журналларда мақола чиқарганлар нафақат кулгуга қолади, ўз обрўсига путур етқазиб, балки мухим қарор қабул килишда олимларга ва илмий тадқиқотлар натижаларига таянадиган кенг жамоатчиликкаям зарар етқазиши аниқ. Шундай қилиб, хозирги коронавирус пандемияси бошланганидан кейин кенг мулохазаларга сабаб бўлган, гуёки коронавирус тарқалишида 5G антенналари роли борлиги хақидаги асоссиз иддаонинг илдизлари хам айнан йиртқич журналларга бориб тақалар экан. Бу хақида қуйидаги Шимолий Каролина давлат университети (North Carolina State University) олимининг TEDx тақдимотида:
Агар ўзингизни хурмат қилсангиз, ва/ёки ижтимоий маъсулиятга эга бўлсангиз, йиртқич нашриёт ва журналларга йуқ денг!.
И.Қорабоев, Н.Юсупов
SMALL BUSINESS ECONOMICS – ТАДБИРКОРЛИК ФАНИ БЎЙИЧА ЕТАКЧИ ЖУРНАЛ.
10/12/2021
Йиртқич журналлардан сақланиш ва тер тўкиб эришган илмий натижаларингизни зое қилмаслик учун хақиқий нуфузли журналлар қандай ишлаши ва илгор илмий тадқиқотлар қандай олиб борилиши хақида яхши тушунчага эга бўлиш жуда мухим ахамиятга эга. Шунинг учун хам биз бу лойихамизда нафақат маълум шубхали фаолиятлар хақида сизлар билан ўртоқлашиб борамиз, балки илм жамхасида етакчи бўлган журналлар хақида хам сўз юритишга харакат қиламиз.
Тадбирколик сохасида энг етакчилардан хисобланган Small Business Economics журнали мухарририяти аъзолари томонидан яқинда бу журналда чоп этилиш учун нималарга этибор бериш хақида маслахатларини тўплаб қисқа мақола чиқарилди. Бу мақола барча қизиққанлар учун очиқ эълон қилинган (open access), яъни обуна бўлишингиз шарт эмас. Барча ёш олимларга ушбу мақолани тавсия қиламиз: https://doi.org/10.1007/s11187-021-00518-0.
Шу билан бирга, журналнинг YouTube каналидаям айнан шу мақола хақида муаллифлар билан қисқа сухбат хам эълон қилинган.
Илму-фан ижод йўлида машаққатсиз ютуқларга эришиб бўлмайди. Шунинг учун хам осонлик ва тезликни ваъда қилувчиларга ишонманг. Хақиқий сифат ва нуфузга интилинг, йиртқичлардан йироқ бўлинг.
И.Қорабоев, Н.Юсупов
ЙИРТҚИЧ КОНФЕРЕНЦИЯЛАР ХАМ ФАОЛ.
10/11/2021
Йиртқич журналлар, конференциялар, нашриётлар халигача ёш ва тажрибаси кам тадқиқотчиларнинг пулини ўндиришга фаол харакат қилиб келмоқда. Албатта, Билл руйхати каби манбалар йиртқич нашрлардан узоқ туришга ёрдам берсада, барча йиртқичларни ягона рўйхатда қамраб олишнинг афсуски иложи йўқ. Шунинг учун хам биз бу лойихамизда ривожланган мамлакатларда ўрин олган мухокамаларни ва тажрибали олимларнинг шу масалага тегишли чиқишларини сиз билан ўртоқлашиб борамиз. Бугунги постимизда, диққатингизга 2017 йилда Aesthetic Surgery Journal журналида чоп этилган мақолани хавола этмоқчимиз.
Ушбу мақоланинг муаллифи, Федра Кресс, йиртқич конференциялар хақида гап юритади, ва уларнинг асосий белгиларини қуйидагича изохлаб беради:
• конференция эълонлари грамматик ва синтактик хатоларга эга, умуман олганда матнлар жуда паст сифатли инглиз тилида ёзилган, бу асосий белгисидир
• конференцияга таклиф ўта таъсирчан ва потенциал иштирокчиларнинг эгосини кўзғатадиган услубда ёзилган
• нашриёт/журнал мухаррирлари сифатида, мавжуд бўлмаган ёки алоқадор бўлмаган олимларни кўрсатади
• вебсайтида “under construction” (яъни «сахифа айни пайтда қурилмокда») деган сахифалар кўп булади
• журнал ёки нашриёт олдин бирорта хам мақола еки журнал сони чоп этмаган
• хақиқий жойлашган жойини бекитиш мақсадида ўз манзили сифатида АҚШдаги (ёки бошқа ривожланган мамлакатда) адрес кўрсатилган
• боғланиш учун маълумот учун текин имейл хизмати (яъни gmail, hotmail, ва х.к.) кўрсатилган
• топширилган мақолалар жуда тез муддатда (1-2 хафта ичида) кўриб чиқилиши ваъда берилган
• нашриёт ўзини нотижорат ширкат сифатида тақдим қилган, аммо бунга хеч қандай далил келтирмаган
• журнал номи тегишли сохада мавжуд бўлган нуфузли журнал номига ўхшаб тузилган
• журнал ёки нашриёт энг зўр мақола ёки тадқиқот учун соврин ёки мукофот ваъда берган, аммо бу ваъдалар хеч қачон амалга оширилмайди
• конференцияга хохлаган мавзуда мақола топширишингиз мумкинлиги иддао қилинган, хаттоки сизнинг сохангизга тегишли бўлмаса хам
Шу билан бирга, муаллиф айрим йиртқичлик фаолияти билан шуғулланувчи ташкилотларнинг рўйхатини ўз ичига олган қуйидаги жадвални тақдим қилган (конференция номига боссангиз расмий сахифаси очилади). Шуни айтимишиз керакки, мақолада бу жадвалдаги айрим ташкилотлар учун аниқ бир йилда ўтқазилган конференциялар учун хавола келтирилган. Мақола 2017 йилда чоп этилгани учун муштарийларимиз учун айнан ўша пайтдаги воқеаларнинг ахамияти паст бўлиши эхтимоли бор. Шунинг учун хам биз, тегишли хаволаларда фақат асосий домейн манзилини қолдирдик.
Юқоридаги маълумотлар биз бу лойихамизда ўртоқлашиб келган фикрларни тасдиқлашига шубхамиз йўқ. Йиртқичлардан огох бўлинг, ва турли “акция” ва “реклама”ларга диққатингизни сарфламанг. Батафсил маълумот учун, Федра Кресс мақоласи билан танишишингизни сўраб қоламиз:
Cress, Phaedra (2017). “Are Predatory Conferences the Dark Side of the Open Access Movement?”, Aesthetic Surgery Journal, 37(6), pages 734–738, https://doi.org/10.1093/asj/sjw247
И.Қорабоев, Н.Юсупов
AND THE NOBEL PRIZE GOES TO…!
11/10/2021
Бир неча дақиқа олдин, Швеция пойтахтида, иқтисодиёт фани бўйича бу йилги Нобел мукофоти совриндорлари эълон қилинди. Бу мукофот, шахсан Алфред Нобел томонидан эмас, балки Швеция марказий банки томонидан таъсис этилган, ва номиям Нобел мукофоти эмас, балки Алфред Нобел хотирасига бағишланган мукофот деб юритилади. Аммо, норасмий равишда, иқтисодиёт фани бўйича Нобел мукофоти деб аталади.
Бу йилги мукофот учта АҚШли олимга берилди. Уларнинг исмлари Давид Кард, Жошуа Энгрист ва Хидо Эмбенс. Уларнинг ушбу мукофот орқали эътироф қилинган тадқиқотлари статистик маълумотларни тахлил қилишда табий экспериментлардан фойдаланишга бағишланган. Бугун эконометрика куни!
Шуни айтиб ўтиш лозимки, Жошуа Энгрист нафақат ўз тадқиқотлари билан, балки эконометрика фани бўйича ёзган методологик китоби билан хам машхур. Унинг Mastering ‘Metrics китоби дунёдаги барча иқтисодиётчи аспирантларга таниш бўлса керак.
Бу йилги Нобел мукофоти хақида батафсил Нобел кўмитаси сайтидан билиб олсангиз бўлади: https://www.nobelprize.org/. Ёки совриндорларнинг бири, Проф. Хидо Эмбенснинг ўзидан эшитинг:
И.Қорабоев, Н.Юсупов
ИҚТИСОДИЁТ ФАНИДАГИ НУФУЗЛИ ИЛМИЙ ЖУРНАЛЛАР ХАҚИДА.
29/09/2021
Муштарийларимиз орасида спортга қизиқадиганлар бўлса керак. Айниқса, миллионлар ўйини хисобланмиш футбол ишқибозлари учраса керак. Улар бизни қуйидаги гапимизни жуда яхши тушунади деб ўйламиз. Германия, Бразилия, Италия ва шулар каби терма жамоалар доим жахон чемпионатини ютавермайди, аммо қачон қараманг, улар доим фаворитлар орасида бўлади. Илмий журналларни хам шунга ўхшаш хусусияти бор. Хар бир фан сохасида, энг нуфузли журналлар доим энг юқори импакт факторларга ёки мақолани топшириш учун талаб қилинадиган энг қиммат нархга эга бўлмайди, аммо уларни барча олимлар доим энг нуфузли журналлар деб билади.
Ижтимоий тармоқларда, қаерга қараманг хамма жойда “нуфузли” журналлар реклама қилинади. Деярли барчасида юқори “импакт фактор” борлиги, кўпида ОАК рўйхатидан жой олганлиги иддао қилинади. Биз бу лойихамизда ёш, тажрибаси кам тадқиқотчиларга ёрдам бериш мақсадида, алдамчи иддаоларни, қаердадир эса йиртқичлик, фирибгарлик қилинаётганини фош этиб борамиз. Аммо, афсуски, илмий йиртқичлик бизнеси шунчалик кескин ривожланиб кеттики, бизни на вақтимиз бор барчасини ўрганишга, на қўлларимиз етарли хаммаси хақида бу лойихамизда ёритиб бориш учун.
Шунинг учун, бугунги постимизда биз иқтисодиёт фанида хақиқатдан хам нуфузли журналллар хақида гап юритамиз. Иқтисодчи олимлар орасида, бутун дунё тан оладиган “Big Five” рўйхати мавжуд, яъни илмий журналларнинг “Буюк Бешлиги”. Булар куйидагилар (журнал номига боссангиз расмий сахифасини очади):
Журнал номи | Нашриёт | ISSN | ISSN Онлайн |
The American Economic Review | American Economic Association | 0002-8282 | 0065-812X |
Econometrica | Wiley-Blackwell Publishing | 0012-9682 | 1468-0262 |
Journal of Political Economy | The University of Chicago Press | 0022-3808 | 1537-534X |
The Quarterly Journal of Economics | Oxford University Press | 0033-5533 | 1531-4650 |
The Review of Economic Studies | Oxford University Press | 0034-6527 | 1467-937X |
Агар шу бешталикда мақолангиз чоп этилса, сиз бемалол халқаро академик мехнат бозорида рақобатбардош олим деб тан олинасиз. Бу дегани энг нуфузли илмий марказлар сизнинг кетингиздан қувади дегани эмас албатта. Лекин деярли барча ОТМ ёки илмий-тадқиқот институти сизнинг хужжатларингизга жиддий назар ташлаши бешубха.
Хақиқий импакт фактор ва алдамчи импакт факторлар хақида биз июн ойида тушунтириб утган эдик. Иқтибослар сонига асосланган бу кўрсаткич дунёда кенг тарқалганига қарамай унинг жиддий камчилиглари бор, ва шу сабабли, кўп ривожланган мамлакатларда хар бир фан сохаси учун, олимлар ижтимоий фикри асосида тузилган рейтинглар мавжуд. Куйида, биз шундай бир нечта рейтинглар хақида маълумот хавола этяпмиз (номига боссангиз расмий сахифасини очади):
Рейтинг номи | Эълон киладиган ташкилот | Мамлакат |
ABDC Journal Quality List | Australian Business Deans Council | Австралия |
Academic Journal Guide | Chartered Association of Business Schools | Буюк Британия |
Categorization of Journals in Economics and Management | Centre national de la recherche scientifique | Франция |
Билингки, хеч қандай рейтинг ёки кўрсаткич 100% объектив ёки мукаммал бўлмайди. Хаммасини ўзига хос камчилиги бор. Лекин тадқиқотчи сифатида яхшини ёмондан ажрата билиш сизнинг бурчингиздир. Хақиқий нуфузга эга илмий журналларни ўқиб юришни одат қилиб олинг, ва ижтимоий тармоқлардаги “нуфузли” деб реклама қилинганлардан четроқ юринг.
И.Қорабоев, Н.Юсупов
BERLIN STUDIES ҚАНДАЙ ҚИЛИБ ОАК РЎЙХАТИДАН ЎРИН ОЛГАН?
20/09/2021
Хурматли муштарийлар! Биз қисқа ёзги таътилимиздан қайтдик, ва сизларга фойдали маълумотларни беришни давом эттирамиз.
Сизларга яна бир бор ўз позициямимизни эслатиб қўядиган бўлсак, ижтимоий тармоқларда реклама қиладиган нашриётларга биз асло ишонмаймиз. Албатта, орасида мақолаларни тақриздан ўтқазишга жиддий қарайдиган журналлар хам учраб туриши мумкин. Аммо бунинг эхтимоли деярли йўқ деб ишонамиз.
Сўнгги хафталарда Berlin Studies номли журналнинг рекламаси кескин тарқалиб кетди ва биз бу журналга бир назар ташлашга қарор қилдик.
Юқоридаги рекламада айтилганидек, хақиқатдан хам бу журнал ОАКнинг рўйхатига киритилган. Шуни айтиб ўтиш керакки, бу журнал айнан ОАК рўйхатининг сўнгги вариантида, яъни (янглишмасак) 2019 йилда тасдиқланган рўйхатида, мавжуд. Шу сахифамизнинг энг тагида бу ОАК рўйхати хавола этилган. Шуниси қизиқарлики, ОАК рўйхатида бу журналнинг номи берилганида, журнал номининг олдида негадир 2016 деган ёзув бор. Бу нимани англатади, биз билмаймиз.
Энг аввало, биз журналнинг сайтини кириб кўрдик (http://berlinstudies.de/), ва журнал хақидаги маълумотлар билан танишиб чиқдик. Назаримизда, журнал сайтининг дизайни жуда содда тузилган, берилган маълумотлар хам жуда юқори даражадаги инглиз тилида ёзилган деб айтолмаймиз. Масалан, журнал қабул қиладиган тадқиқот сохалари ичида “илмий фанлар” хам бор экан (scientific sciences). Ундан ташқари, “полистирол фанлариям” (polystyrene sciences) бор экан. Буни қандай тушуниш кераклиги бизга қоронғу.
Журналнинг чоп этилган сонларини кўриб чиқамиз десак, биринчи сон жорий йилнинг май ойида чоп этилганини курдик. Ва албатта, ундай бўлса қандай қилиб бу журнал ОАК томонидан 2019 йилда эълон қилинган журналлар рўйхатига кирган деган савол пайдо булди. Афсуски, Berlin Studies 5 ойдан бери чиқаётган бўлсада, у ерда мақола чоп этадиган муаллифлар ичида Узбекистонликларнинг улуши 80-90 фоизни ташкил этадиганга ўхшайди. Журналнинг айрим сонларида, муаллифларга қарасангиз фақатгина ўзбек исмларни кўрасиз. Бу хам йиртқичлик аломатларидан бири деб хисобланади.
Berlin Studies сайтида Ўзбекистонлик мутахассислардан ташқари хорижий олимларнинг мақолаларини хам кўрамиз. Фақат, ривожланган мамлакатлардаги муаллифлар томонидан ёзилган мақолани очаман десангиз, Berlin Studies сайти у мақолани сиздан бекитади. Аммо гуглда қидирсангиз, худди ўша мақола бошқа хорижий журналда чоп этилганини кўрасиз. Бунинг сабаби нимада экан?
ОАК рўйхатида бу журнал Finckenstein & Salmuth Verlags-Gesellschaft m.b.H. номли нашриёт томонидан чоп этилиши айтилган, журнал сайтида эса ундай маълумот бизга учрамади. Шунинг учун, балки олдинги йилларда чиққан сонлари бошқа нашриёт сайтида бордир деган фикр билан биз журналнинг тарихини ўрганиш учун унинг ISSN рақами орқали қуйидаги маълумотни топдик. Кўриб турипсизки, бу журналнинг энг биринчи сони 2021 йилнинг 10 май кунида чоп этилган.
Балки ISSN рақами ўзгаргандир, агар нашриёт ўзгарган бўлса деб, биз бу журналнинг номини оддий гугл қидирув орқали хам излаб кўрдик, аммо 2020 йилнинг охиригача хеч қандай маъноли нарса топмадик. Ушбу вазият бизда бу журналнинг асли сифати хақида шубха билан бирга бунинг орқасида фирибгарлар тургани хақида гумон туғдирди.
Журналнинг сифатига объектив бахо бераман десангиз, албатта ўзингиз бир неча мақоласини синчиклаб ўрганиб чиққанингиздагина била оласиз. Аммо, вақт кам шароитида, мухаррирлар кимлигини ўрганиб чиқсангиз, журнал сифати хақида қисман бўлсаям қандайдир тушунчага эга бўлишингиз мумкин. Зеро, ўзини хурмат қиладиган олим, фирибгарликка ёки сифати шубхали лойихага қўл урмайди, чунки тадқиқодчининг энг қадрли неъмати бу унинг академик обрўсидир. Шундай қилиб биз ушбу журналнинг Editorial Board сахифасида мана бу инсонларнинг суратлари ва исмларини келтирилганига гувох бўлдик.
Одатда, мухаррирлар кенгаши хақида маълумот берилганда, уларнинг қаерда ишлаши ва қайси сохада тадқиқот олиб борилиши хам айтиб ўтилади. Бу ерда эса, расм билан исмдан бошка нарса йўқ. Бу инсонлар хақида кўпрок маълумотга эга бўлиш мақсадида, биз гугл орқали уларни излашга тушдик. Куйидаги маълумотларни аниқлаш учун бизда 3-4 дақиқадан кўп вақт кетмади.
Temme D. исми остида келтирилган кимса аслида Австралияда истиқомад қилувчи Sergio de Paula исмли фотосуратчи экан:
Roer D. исмли акамиз эса тадбиркор экан. У Pixabay компанияси асосчиларидан бири, Германиялик Hans Braxmeier экан.
Sauerwein M. эса хам Berlin Studies журналининг мухаририга ўхшамаяпти. Аммо бу инсоннинг (исми Joey DeGrandis) эслаб қолиш қобилияти ўта кучли экан. У хақида машхур Time журнали мақола хам чиқарган экан (https://time.com/5045521/highly-superior-autobiographical-memory-hsam/).
Weiss Y. исмли одам эса молия бозорларида фаолият юритадиган йирик компания, Morgan Stanley, ходими Andrew Sheets бўлиб чиқди.
Шу билан биз барча суриштирувимизни тўхтатишга қарор қилдик. Энди бизда журналининг йиртқичлиги хақида хеч қандай шубха қолмади ва сизга қайта-қайта эслатишдан чарчамаймиз – ижтимоий тармоқларда реклама қилинган журналлардан йироқ бўлинг, чунки уларнинг орасида хақиқатдан хам нуфузли журнал топишингиз эхтимоли деярли нольга тенг. Шунинг учун хам, кучингиз ва вақтингизни фойдалирок тарзда сарфлашингизни тилаб қоламиз.
И.Қорабоев, Н.Юсупов
ЖУРНАЛНИНГ НОМИДА ГАРВАРД БЎЛСАЯМ ИШОНМАНГ!
06/08/2021
Хурматли муштарийлар, йиртқич журналлар жуда кўп ва биз барчасини фош эта олмаймиз чунки бизда, очиғини айтганда, унга вақтимиз йук. Лекин, ёш тадқиқодчилар учун ёрдам беришга дойим харакат қиламиз. Шу боис, куни кеча бир нечта телеграм каналларда мана бу эълонни курдик:
Журнал номида Гарвард университетига иқтибос борлиги ёш тадқиқодчиларни чалкаштириши турган гап. Аммо оддий Гугл қидирув қилиб кўрсангиз, бир зумда хамма нарса ойдин бўлади. Бу журнал “INTERNATIONAL AGENCY FOR DEVELOPMENT OF CULTURE, EDUCATION AND SCIENCE” номли ташкилот томонидан нашр этилар экан ва Гарвард университетига хеч қандай алоқаси йўқ. Номига қараганда, бу ширкат маданият, таълим ва фан сохасида халқаро фаолият олиб борадиган ташкилотга ўхшайди. Аммо бу нашриёт нафақат машхур Билл рўйхатидан ўрин олган (https://beallslist.net/), балки уни кўплаб нуфузли олий таълим муассасалари фирибгар деб эълон хам қилган. Биз барча топган маълумотларни таржима қилиб ўтиришга афсуски имкониятимиз йўқ, аммо қуйида бир нечта университетлар томонидан қилинган чикишларни илова қиляпмиз:
Чикаго Университети (АКШ): https://www.journals.uchicago.edu/journals/aje/prevent-fraud
Аделаида Университети (Австралия): https://blogs.adelaide.edu.au/researchbulletin/2017/08/22/alert-issued-for-predatory-publisher-iadces-international-agency-for-development-of-culture-education-and-science/
МакМастер Университети (Канада): https://ecf.humanities.mcmaster.ca/2020/10/22/unauthorized-submission-portals/
Юқоридаги Билл рўйхати сахифасида берилган маълумот орқали нашриёт cайтига (https://www.iadces.com/) кириб кўрсангиз контент даражаси жуда сустлигини кўрасиз, яъни тадқиқодчиларга керакли ва илмий нашриётлар одатда берадигaн маълумот жуда кам. Ундан ташқари, уларнинг вебсайтидаги айрим матнларнинг умуман бир бирига алоқаси йўқ. Вебсайт яратилиши тугатилмаган гўё.
Бош сахифанинг энг пастида богланиш учун малумот сифатида умуман нашриёт ёки маданият сохасига оид ширкатнинг номига ўхшамайдиган [email protected] ва [email protected] электрон почта манзиллари берилган. Шу билан бирга худди шу жойда берилган “654 Charack Road Bloomington, IN 47408” манзилини Гугл хариталарида изласангиз бундай жой мавжуд эмас деган натижа чиқяпти.
Энг ачинарлиси, ОАК рўйхатида бу журнал илмий диссертациялар асосий илмий натижаларини чоп этиш тавсия этилган журнал сифатида берилган (44чи бет). Умид қиламизки, ОАК ўз журналлар рўйхатини тузиш сиёсатини қайта кўриб чиқади. Унгача барчангизни огох булишга чақирамиз. Хеч қачон ижтимоий тармоқларда агрессив маркетинг қиладиган журнал ва нашриётга ишонманг, ва турли ўртакашлар билан хамкорлик қилманг.
И.Қорабоев, Н.Юсупов
ХАҚИҚИЙ ИМПАКТ ФАКТОРЛАРДАН ХАБАРДОР БЎЛИНГ!
01/08/2021
Илгари ёзганимиздек, ривожланган дунёда илмий журналларнинг импакт фактори деб Clarivate Analytics томонидан хар йил ёзда эълон килинадиган Journal Citation Report (JCR) деб номланган хужжатдаги кўрсаткичлар назарда тутилади. Бошқа импакт фактор деб аталган ёки шунга яқин ном берилган кўрсаткичларнинг (деярли) барчаси ишончсиз, алдамчи ва ғирром хисобланади.
Бу йилда чоп этилган JCRдаги импакт факторларни айрим ташаббускор кимсалар очик сахифаларга жойлашни бошлабди. Бу маълумотларга эга бўлиш ёш олимларга жуда мухим бўлишига қарамай, биз буларни бу сайтимизда жойлаштиришдан бош тортяпмиз, чунки JCRдан фойдаланиш учун обуна талаб этилади ва биз тегишли копирайт масалалар хақида тўлиқ маълумотларга эга эмасмиз.
Аммо, очиқ манбаларда жойлаштирилган маълумотларга куийда иқтибос тақдим қиламиз:
Албатта, бу Clarivate Analytics-гa тегишли бўлмаган норасмий манба. Шунинг учун хам, биз ўзимиз билган бир нечта жуда нуфузли журналларнинг сахифаларига кириб сўнгги импакт факторлари билан танишдик.
Шу асосида, юқоридаги манбада келтирилган импакт факторлар хақиқатга оидга ўхшаяпти. Шунинг учун норасмий маълумот сифатида фойдаланса бўлади деган фикрдамиз.
И.Қорабоев, Н.Юсупов
ШУБҲАЛИ НАШРИЁТ: SCIENTIFIC & ACADEMIC PUBLISHING.
30/07/2021
Сўнгги пайтларда, илмий мақола чоп этиш буйича маълумот ва ёрдам таклиф этадиган Телеграм каналлар кўпайиб кетган. Яқинда қуйидаги эълонга кўзимиз тушди ва биз дарров ёш олимларни алданиб қолинишининг олдини олиш мақсадида бу нашриётнинг айрим хусусиятлари ҳақида ойдинлик киритишга қарор килдик. Эътибор берсангиз, бу эълонда Scientific & Academic Publishing (SAP) томонидан нашр этиладиган журналлар ОАК томонидан тан олиниши иддао қилинган:
Энг аввало интернет орқали дунё олимлари орасида бу нашриёт қандай баҳоланиши ва нима гаплар юриши билан қизиқдик ва қарабсизки SAP нашриёти predatoryjournals.com сайтида йиртқич нашрлар рўйхатга киритилганини кўрдик. Бунинг ўзи барча олимлар учун бу нашрдан узоқ юриш кераклигини англатади.
Google орқали қидирув бериб Стев Брезгов томонидан ёзилган, ва 29 Май 2019 й. Scholarlyoa.com сайтида эълон килинган, қисқа мақолага дуч келдик. Қуйида ушбу мақоланинг тўлиқ мазмунини ўзбек тилида сизга ҳавола этамиз, оригинали билан эса ушбу сайтда танишишингиз мумкин: https://scholarlyoa.com/new-publisher-scientific-academic-publishing/
“Шубхали ноширлар рўйхатига киритилган сўнгги кўшимчалардан бири Scientific & Academic Publishing. Ушбу ношир Калифорниянинг Роузмид (Rosemead) шаҳридан эканликларини даъво қилмоқда, аммо Гугл Хариталардаги манзилга қарасам, у икки томонда парклар билан кесишган жойни курсатади.
Ушбу нашриёт 133та журнал номларини тақдим этади, барчаси STM соҳасида. Журнал номларининг аксарияти “Америка” ёки “Ҳалкаро” сўзлари билан бошланади. Уларнинг бир нечтасида ҳали ҳеч қандай контент йўқ ва уларнинг кўпчилиги бош муҳаррирлар ва таҳрир кенгаши аъзоларини изламоқда. Сайтнинг “Сўнгги янгиликлар” саҳифасида “SAP 2011-йил 8-майда ташкил этилган” деб ёзилган.
Баннердан “Китоблар” ҳаволасида рўйхатланган ҳеч қандай китоблар мавжуд эмас, аммо у ердаги матнни ўқисангиз ношир ўзининг аслини билдириб қўйганга ўхшайди. Унда шундай дейилган: “Биз сизларни, барча муаллифларни, қимматбахо китоб қўлёзмаларингизни бизга топширишингизни чин дилдан кутиб қоламиз, ва сизнинг талабларингиз асосида сизнинг кўникишингизга хизмат қилиш учун асарларингизни нашр этилиши учун қўлимиздан келганича ёрдам берамиз”.
Бу, албатта Open Access илмий ва академик нашр ниқоби остида, муаллиф тўлови билан ҳар қандай нарсани чоп этадиган нашриёт томонидан айтиладиган гапга ўхшайди.
Бу нашриёт спам электрон почта хабарларини юбориб, мақола топширишга чорламоқда. Мана менга юборилган нарса:
“Ҳурматли …,
Ушбу хат АҚШдаги Scientific & Academic Publishing томонидан юбориляпти. Сизнинг малумотларингизни Condensed Matter журналидан олдик, ва хурсандчилик билан журналимиз муҳарририяти номидан сизга саломлар йўллаймиз.
Биз сизнинг “…” номли мақолангиз абстракти билан танишиб чиқдик ва уни муҳаррирларимизга тавсия қилмоқчимиз. Агар бизнинг журналларимизга қизиқиш билдирсангиз ва уларда мақола чоп этмоқчи бўлсангиз, илтимос мақолангизни кенгайтириб ва сўнги илмий натижаларингиз ҳакида ёзиб онлайн мақола топшириш тизими орқали топширинг. Топширилган барча мақолалар чоп этиш учун кўриб чиқилади.”
Мактуб норасмий стилда ва сифатсиз ёзилган. Муаллифларнинг бошқа жойларда чоп этиб бўлинган мақолаларини қайтадан чоп этишга таклиф қилаётганга ўхшайди. SAP мақола ва муаллиф ҳақидаги маълумотларини ҳаққоний журнал веб-сайтларидан териб олиш билан шуғулланадиганга ўхшайди.
Ўз сайтида чоп этиш учун тўловлар ҳақида сўз юритилмайди (агар баъзи бир конференсия материаллари учун тўловлардан воз кечилади деганини инобатга олмасак), шунинг учун ношир тўлов масаласини мақолангиз қабул қилинмагунча кўтармаса керак деб ўйлайман, яъни сиз аллақачон вақту кучингизни мақолани таёрлаб топширишга сарфлаб бўлганингиздан кейингина, қабул қилинганингиздан кейингина сизга бу талабини ошкор қилса керак (улар томонидан тақризу шарҳлар бўлиши ҳам шубҳа остида).
Сайтининг аксарияти иборавий инглиз тилида ёзилган, факат вақти-вақти билан сирпанишлар мавжуд. Бироқ, 2011 йил 15 августдаги Янгиликлар бўлимида шундай дейилган:
“SAP ташкил этилиши илмий жамиятнинг кучли таъсирига сабаб бўлди. Хозирги кунда SAP журналларининг таҳририят кенгашида ҳалқаро миқёсда тан олинган 1000 дан зиёд муҳаррир хизмат қилмокда. Илмий жамиятга янада яхшироқ хизмат қилиш учун SAP қобилиятли академикларни ўз сафига таклиф қилади. “
Сўнгги иборадан ташқари, баёнот ёлгон ва нотўғри. Аммо, уларга бунинг аҳамияти йўққа ўхшайди.”
Стев Брезговнинг мақоласини ўқигандан кейин ўзимиз ҳам бу нашриётнинг сайти билан (http://www.sapub.org/journal/index.aspx) яқинроқ танишиб чиқишга қарор қилдик. Брезгов 2019 йилда айтиб ўтган нашриётнинг муаллифларга чақириғи ҳозир ҳам сайтда турганини кўрса бўлади:
Манзили сифатида 1200 Rosemead Blvd, STE D #105, Rosemead, CA, 91731, USA кўрсатилган, аммо Гугл Харитасида қидирсак, ҳақиқатдан хам ҳеч қандай бино чиқмаяпти. Аксинча, манзилида “STE D #105” қисмини тушириб юборган ҳолда, катта йўлдаги (Rosemead Boulevard) энг яқин бинодан камида ярим километрлик масофадаги бир нуқтани кўрсатяпти:
Кейинги босқичда биз SAP нашриётиниг сайтида курсатилган Фейсбук, Твиттер ва Линкдин тармоқларидаги фаолиятлари билан қизиқиб кўрдик. Фейсбук ва Твиттерда бу нашриёт сўнгги марта 2011-2012 йилларда фаол булган. Линкдинда эса охирга марта 10 ой олдин, ундан олдин эса 3 йил олдин пост қилган (яъни 2-3 йилда 1 марта). Қилинган постлар хам кўпроқ нишонли маркетинг, троллик харакатига ўхшайди:
Биз 5 дақиқа ичида оддий Гугл қидируви орқали топган маълумотларимиз, шахсан биз учун SAP сифати ва нияти ҳақида шубҳаланиш учун етарлича асос яратди. Шунинг учун, биз cизни хам бу нашриёт билан алоқадор шахслару ташкилотлардан огох бўлишингизга чақирамиз.
Бизни кузатишда давом этинг.
И.Қорабоев, Н.Юсупов
ЎҒИРЛАНГАН ЖУРНАЛЛАР ВА ANNALS OF THE ROMANIAN SOCIETY FOR CELL BIOLOGY ҲАҚИДА.
05/07/2021
Сўнгги 20-30 йил мобайнида илмий нашриётларнинг жаҳон харитасида янги воқелик вужудга келди. Бир томондан, интернет технологиялари ривожланган сари журнал нашр қилишда Open Access модели ривож топди. Шу билан бир пайтнинг ўзида, ривожланаётган мамлакатлардаги илмий фаолиятга тегишли ислоҳотлар натижасида илмий мақолаларни хорижий нашрларда чоп этиш учун талаб кескин ошиб кетди. Бу вазиятдан фойдаланиб, ривожланаётган мамлакатлардаги тадқиқотчиларнинг пулини ундириш ниятида илмий фирибгарлик билан шуғулланишнинг турли шакллари кўпайиб кетди. Афсус, бу баъло бизнинг мамлакатимизни нафақат четлаб ўтмади, балки хозирги кунда Ўзбекистон йиртқич журналларда мақола чиқариш бўйича айрим кўрсаткичлар бўйича пешқадамлик қилмокда ва буни бутун дунё кузатиб турибди.
Шу муносабат билан, сизнинг диққатингизга Россиялик тадқиқотчи Анна Абалкина томонидан ўғирланган журналлар (hijacked journals) ҳодисалари бўйича ўтказилган суриштирув натижаларини ҳавола қилмоқчимиз. Биз бу мақоладаги маълумотларни сизга қисқа тарзда етказамиз. Тўлиқ матнни эса, сиз қуйидаги саҳифада инглиз тилида ўқишингиз мумкин:
Диссернет порталида Анна Абалкинанинг шу мавзуга оид мақоласи рус тилида хам эълон килинган:
https://www.dissernet.org/publications/trv_mag_clony.htm
Мақола мазмунини келтиришдан олдин сизга иккита маълумотни келтириб ўтмоқчимиз.
1. Ўғирланган журнал (hijacked journal) тушунчаси ҳақида.
Ўғирланган журналлар ҳақиқатда ҳам мавжуд бўлган машру ва обрўли журналларнинг номини, ISSN рақами ва бошқа маълумотларини қўлланиб очилган сохта ёки дупликат журналлар ҳисобланади. Бундай журналларни очишдан асосий мақсад тадқиқотчиларга тўлов орқали жуда тез муддатда илмий мақола чоп этиш имконини сотиш орқали пул ишлаб олиш бўлади. Ўғирланган журналларга нисбатан клонланган журналлар (cloned journals) ибораси ҳам ишлатилади. Бу мавзу ҳақида қуйидаги ҳаволада батафсил ўқишингиз мумкин:
https://publons.com/blog/hijacked-journals-what-they-are-and-how-to-avoid-them/
2. Retraction Watch сайти ҳақида
Retraction Watch сайти 2010 йилдан бери илмий нашрлар дунёсида шаффофликни ошириш мақсадида жиддий хатолар ёки атайин қилинган илмий сохтакорликлар туфайли чақириб олинган мақолалар (retracted papers) билан бирга ўғирланган журналлар, йиртқич нашрлар ва бошқа мавзуларни ёритиб келаётган сайт ҳисобланади. Сайтнинг асосчилари тиббиёт журналистикаси соҳасида нуфузли мутахассислар Иван Оранский ва Адам Маркус.
Энди эса Анна Албакинанинг мақоласи мазмуни билан танишинг:
“Журнал ўғирлаш, Скопус ва Элсевирнинг заифликларидан фойдаланиб ўзини ҳақиқатда олдиндан мавжуд бўлган журналга ўхшатиб тақдимот қилишдан иборат. Муаммо Скопусда журналларни саралаш жараёнида кўпроқ сунъий интеллекга таянилиб инсон онги қатнашиш даражаси етарлича эмаслиги ва асосий меҳнат автоматлашган жараёнларга юклангани бўлса керак. Шундай қилиб журнал ўғрилари мавжуд журналларнинг ISSN ва бошқа мета-маълумотларини ўгирлаб ўзлаштириб олишади ва бундан бехабар муаллифларга агрессив маркетинг қилиш орқали фаолият кўрсатишади. Натижада, Скопус ҳеч нарсадан хабари йўқ ҳолда мақолаларни индекслаётган пайтда, фирибгарлар миллионлар доллар ишлаб қолади.
Келинг шундай бир ўғирланган журнал – Annals of the Romanian Society for Cell Biology – мисолини кўриб чиқсак. Бизни қизиқишимиз авваламбор журнал вебсайтини таҳлил қилишга ундади ва баъзи қизиқарли жиҳатларни очиб берди. Биринчидан, гарчи журналнинг ҳақиқий версияси кўп йиллар давомида фаолият юритган ва 2009 йилдан бери Скопус томонидан қамраб олинган бўлсада, домен номи фақатгина 2020 йил октябр ойида номаълум шахслар томонидан рўйхатдан ўтказилибди. Иккинчидан, ISSN порталига кўра машру ҳақиқий журнал (ISSN 1583-6258) фақат босма шаклда чоп этиб келинган (яъни расмий вебсайтга эга бўлмаган ва электрон шаклда ҳам чоп этилмаган). Бу каби расмий веб саҳифаларга эга бўлмаган журналларни ўгирлаш жуда одатий ҳолдир. Учинчидан, ушбу журнал тўлов амалга оширилгандан сўнг 30 кун ичида мақолани чоп этишни ваъда қилмокда. Ўғирланган журналлар одатда бирон бир тақриз ёки сифат назоратини тақдим этмайди ва тез нашр этилишини кафолатлайди. Ва ниҳоят, ўғирланган журналлар одатда ҳақиқий журналларнинг архивларини ўз сайтида нусхасини яратмайди ва аллақачон нашр этилган матнларни қайта ишлай олмайди ёки архивга кириш учун тўлов деворини ўрнатади. Ушбу ўғирланган журналда эса эски йилларда чиққан мақолаларни ўқимоқчи бўлсангиз сиздан имейл оркали мурожаат қилишинигиз сўралади.
Шунингдек, ҳақиқий журналнинг Скопусдаги маълумотлари ҳам клонланган журналга ҳавола бериш орқали путур еткизилган. Энг асосийси, ўғирланган журналнинг таркиби Скопусга жойлаштириб улгирилган: шу йилнинг июнь ойидаги маълумотга кўра Скопус 2021 йилда ушбу ўғирланган журналда чоп этилган 3200-га яқин мақолани индексация қилган (қиёслаш учун, олдинги беш йил ичида бу журналдан йилига 100-дан кам мақола Скопусга жойлаштирилган). Бир неча ой ичида нашр этилган бундай кўп сонли мақолалар жуда агрессив маркетинг билан бирга, эҳтимол, халкаро журналларда тезкор нашр этишни таклиф қиладиган ўртакаш компанияларнинг иштирокини ҳам англатади.
Қуйидаги расмда ушбу клонланган журналнинг муаллифлари асосан ривожланаётган мамлакатлар Ҳиндистон, Ўзбекистон ва Эрондан келиб чиққанини кўрамиз:
Шундай қилиб, журнал ўғирлаш кўп миллион долларлик бизнесга айланганига гувоҳ бўламиз. Annals of the Romanian Society for Cell Biology ҳар бир мақола учун 14700 Ҳиндистон рупиясида нарх белгилайди (тахминан 200 АҚШ долларига тенг) ва 2021 йилни ўзида аллақачон 5000дан ортик мақола чиқарган.
Шахсан мен ушбу ўғирланган журналнинг қонуний ноширини топа олмадим, аммо журналнинг ҳақиқий версиясини нашр қилиб келган Vasile Goldis Western University of Arad билан боғланганимда, улар ушбу журнални нашр қилмай қўйганини тасдиқладилар.
Ушбу ўғирланган журналда яна бир ажойиб тафсилот мавжуд. Унинг бош муҳаррири сифатида – Wageningen University & Research вакили Рён Оелен деган шахс берилган. Айтишим мумкинки, бу Оелен деган шахс мавжуд эмас. Аммо унинг исмини Интернетдан қидириб кўрсам, у шу пайтнинг ўзида бошқа ўғирланган журнал Converter (муҳандисликка ихтисослашган) журналининг бош муҳаррири этиб ҳам кўрсатилган. Мен бу журналнинг ношири сифатида курсатилган Faversham House Group Ltd. билан боғландим, аммо ҳеч қандай жавоб ола олмадим.
Бунақа журнал ўғирлашлар ҳақида кимдир “хечқиси йўқ, бўлиб туради” дейиши мумкин, аммо айрим мамлакатларда чоп этилган илмий мақолалар ичида легитим илмий мазмунга эга бўлмаган мақолаларнинг сони ҳайратга солади. Масалан, Скопусда 2021 йил ичида Ўзбекистонлик муаллифлар томонидан чоп этилган мақолалар орасида шубҳали контент миқдори 41,5% ташкил килади. Эронда бу улуш 8,4%; Ҳиндистонда 1,5%.
Бу ҳолатда энг ачинарли ва ташвишга солувчи жиҳат шундаки ушбу журналларнинг кўпи Скопусда ҳалигачаям индексланиб келади. Улар албатта зудлик билан олиб ташланиши керак, аммо олимларнинг ўзлари ҳам эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишлари ва огоҳ бўлишлари керак.”
Бизнинг фикримиз бўйича Анна Албакина мақоласининг бош мавзуси бўлган бу журнал яқин келажакда Скопусдан чиқариб юборилади. Ўтган йили Ўзбекистонлик муаллифлар томонидан бу журналда 452-та мақола чиқарилган. Ачинарлиси шундаки, охирги бир ярим йил ичида (2020 ва 2021 йилларда), Ўзбекистонликлар бу журналда 1000-га яқин мақола чиқарган. Бу дегани бу бечора олимларимизнинг 200 минг АҚШ долларлик маблағлари куйиб кетди дегани.
Қуйида кўрилганидек Annals of the Romanian Society for Cell Biology журнали ўзбек тадқиқотчилар орасида агрессив шаклда реклама юргизиб келган. Рекламани синчковлик билан ўргансангиз Анна Абалкина ва бошқа тадқиқотчилар ошкора қилиб берган ўғирланган журнал белгиларини (тўлов эвазига тез муддатда мақола чоп қилиш, сохта вебсайтга хавола, в.б.) яққол кўриш мумкин:
Шунинг учун, биз сизни бундай сохта ва йиртқич журналлардан огоҳ булишга чақирамиз. Сизга тез муддатда хорижий журналларда мақола чиқариб беришда ёрдам таклиф қиладиган ўртакаш шахс ёки ширткатларга ишониб юрманг.
Бизни кузатишда давом этинг.
И.Қорабоев, Н.Юсупов
ЙИРТҚИЧ ЖУРНАЛЛАРНИ ҚАНДАЙ ТАНИБ ОЛСА БЎЛАДИ?
03/07/2021
Йиртқич журналлар феномени анчадан бери дунё олимларини, илмий тадқиқот муассасалари ва олий таълим тизими вакилларини безовта қилиб келаяпти. Йиртқич нашрлар муаммоси жуда кенг тарқалиб кетаётгани учун, олимлар айнан шу йиртқич журналларни ўзига хос аломат ва белгилари нимадан иборат эканлигини синчковлик билан ўрганиб чиқишмоқда. Шундай тадқиқотларга мисол сифатида Larissa Shamseer ва ҳаммуаллифларининг 2017 йилда ёки Agnes Grudniewic ва ҳаммуаллифларининг 2019 йилда нашр қилган мақолаларини кўрсатиб ўтса бўлади.
Shamseer et al. (2017) 300-га яқин журналларни ўрганиб чиқишган ва бу журналлардан 93-тасини Beall рўйхатига кирган журналлар, 99-таси Open Access журналлар, 100-таси анъанавий (обуна тўлови бор) журналлар ташкил қилган. Таҳлилларга кўра, муаллифлар йиртқич журналларга хос бўлган 13-та белги ва хусусиятни аниқлаб чиқишган:
- Журналнинг қамровига ўз сохасидан узоқ соха ва мавзулар кириб кетади. (Масалан, Shamseer ва ҳаммуаллифлари ўрганиб чиққан био-тиббиёт соҳасидаги журналлардан йиртқич журналлар био-тиббиётга алоқаси бўлмаган мавзуларда ҳам мақолалар чоп қилиб келишган).
- Журнал вебсайтида грамматик ва синтактик хатолар мавжуд.
- Сайтдаги расм ва тасвирларнинг сифати паст бўлади ва кўпинча бу расм ва тасвирлар аслида мавжуд бўлмаган сохта воқеликни яратишга ҳаракат қилади ва, ҳаттоки, бу расм ва тасвирлар тегишли изнсиз қўлланиб келинади.
- Вебсайт контенти журналларнинг одатий муштарийси бўлган ўқувчиларга эмас, балки муаллифларга мўлжаллаб тузилган бўлади.
- Журналнинг сифат кўрсаткичи тарзида Index Copernicus’га асосий урғу берилган.
- Чоп қилиш учун жўнатилган мақолаларнинг кўриб чиқилиши ва тақриздан ўтиш жараёни ҳақида аниқ маълумотлар берилмаган.
- Чоп қилиш учун мақолалар электрон почта орқали юборилиши талаб қилинган.
- Мақолаларни тез муддатда чоп қилиш ваъда қилинган.
- Чоп этилган мақолаларни чақириб олиш сиёсати (retraction policy) ҳақида ҳеч нарса айтилмаган.
- Журналдаги материалларни рақамли архивлаштириш ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган.
- Мақолани кўриб чиқиш ва чоп қилиш учун нисбата арзон нархлар белгиланган (150 USD атрофида).
- Open Access статусини даъво қилган журналлар ёки мақола ҳақларини ўзида сақлаб қолган ёки муаллифлик ҳуқуқи ҳақида аниқлик киритмаган.
- Журнал билан боғланиш учун журнал серверига тегишли бўлмаган электрон манзиллар кўрсатилган ва одатда бу манзиллар корпоратив бўлмаган оммабоп электрон манзиллар бўлади (масалан @gmail.com, @yahoo.com каби адреслар).
Grudniewic et al. (2019) мақоласи яна ҳам қамровлик тадқиқотга таяниб йиртқич нашрлар таърифини илгари сурган. Бу таърифни ишлаб чиқиш учун 10-та давлатдан келган нуфузли олимлар ва илғор нашриётлар вакилларидан ташкил топган 43-та иштирокчи ўртасида жиддий баҳс ва мунозалар юритилган ва шу илмий мунозаралар натижасида қуйидаги йиртқич журнал ва нашрлар таърифи берилган:
“Йиртқич журналлар ва нашрлар илмий тадқиқот сифатидан кўра ўзининг шахсий (моддий ва молиявий) фойдасини устун қўядиган муассалар бўлиб уларнинг асосий белгилари инсонларга ёлғон ёки адаштирувчи маълумот бериш, илм дунёсида тан олинган асосий муҳаррирлик ва нашр қоидаларидан ташқарига чиқиб кетиш, шаффофликнинг етишмаслиги ва агрессив маркетинг усулларига таяниш ҳисобланади.”
Шуни айтиб утиш керакки, Shamseer et.al. (2017) ёки Grudniewic et.al. (2019) каби тадқиқотлар тиббиёт ёки психология каби маълум бир сохаларга эътибор қаратган. Шундай бўлсада бу мақолаларда кўрсатиб ўтилган йиртқич журнал таърифлари ва белгиларини бошқа сохаларда ҳам борган сари тез учратиб бормоқдамиз. Шунинг учун ҳам биз олдинги постда айтиб ўтганимиздек сохта импакт-факторларга таяниб муаллифларни ўзларига чорлаётган йиртқич журналлардан огоҳ бўлишга ва бундай йиртқич журналлардан узоқ юришга чақирамиз. Бундай йиртқич нашрларнинг асосий мақсади пулингизни олиш. Шунинг учун ҳам уларнинг қилмишлари оддий фирибгар-тадбиркорликка ўхшайди. Айримлари жуда уддабурон бўлиб, муаллифларни алдаб, уларга сохта кўрсаткичларни сотиб пулини ундиришнинг янги усулларни ўйлаб топишади.
Агар келажакда жиддий тадқиқотчи олим бўлишни мақсад қилган бўлсангиз, мақолангиз деярли тайёр бўлиб чоп қилиш учун журнал танлаш вақти келганида сизнинг олдингиздаги вазифа қуйидаги мажозий мисолдаги каби ҳақиқий ва сохта маҳсулотни бир биридан ажратиб олишдан иборат бўлади:
Шунинг учун ҳам билингки агар журнал молиявий фойда томонини ёки мақолангизни жуда тез муддатда чоп қилиб беришни реклама қилаётган бўлса, бу журналнинг йиртқич журнал бўлиш эҳтимоли жуда юқори. Эҳтиёт бўлинг!
Батафсил маълумот учун:
A. Grudniewicz et al. (2019). “Predatory journals: No definition, no defence”, Nature, 576(7786):210-212, doi: 10.1038/d41586-019-03759-y
L. Shamseer et.al. (2017). “Potential predatory and legitimate biomedical journals: Can you tell the difference? A cross-sectional comparison”, BMC Medicine, 15(28), doi: 10.1186/s12916-017-0785-9
И.Қорабоев, Н.Юсупов
ИМПАКТ ФАКТОР ҲАҚИДА
23/06/2021
Ҳозирги кунларда шубҳали нашрларнинг фаоллиги кескин ошиб кетмоқда. Афсуски, тажрибасиз ёш тадқиқотчилар шундай йиртқич журналларнинг ўлжасига айланиб қолмоқда. Бундай тадқиқотчилар орасида Ўзбекистонлик олимлар ҳам талайгина. Масалан, 2020 йилда Ўзбекистонлик олим ва тадқиқотчилар Скопус базасида уч мингдан ошиқ мақола чоп қилишган бўлса, шунда 50% дан ортиғи (хозирги кунгача аниқланган) йиртқич журналларда чиққан. Натижада, Скопус базасидан шубҳали ҳаракатлари учун чиқариб юборилган журналларда мақолалар чоп этиш нисбати бўйича Ўзбекистон хозир жаҳонда биринчи ўринни эгалламоқда. Бу албатта жуда ачинарли ҳолат. Дунёда кулгуга қолмаслигимиз учун зудлик билан илмий тадқиқотлар фаолиятни олиб бориш маданиятини ривожлантириш ва ҳозирда олий таълим муассасаларида мавжуд бўлган рағбатлантириш тизимини ислоҳ қилиш керак.
Йиртқич журналларнинг битта ҳийласи алдамчи ва қалбаки импакт фактор кўрсаткичларга таяниб ўзларини гўёки илм дунёсида баланд нуфузга эга бўлганлиги ҳақида реклама қилиб келишади. Шу боис биз бу қисқа мақоламизда импакт фактор тушунчаси ҳақида маълумот бермоқчимиз.
Ривожланган мамлакатларда тан олинган импакт фактор Journal Impact Factor (JIF) ҳисобланади ва JIF ҳар йил ёзда, илмий нашрлар дунёсининг обрўли ва нуфузли иштирокчиларидан, Clarivate Analytics компанияси томонидан чоп қилинадиган Journal Citation Report (JCR) деган хужжатда эълон қилинади. Ривожланган давлатларда импакт фактор деганда айнан шу JCR’да чоп этилган кўрсаткич назарда тутилади. Илгари, JCR’ни Thomson Reuters конгломерати таркибидаги Institute of Scientific Information (ISI) ширкати чиқарган. Шунинг учун, айрим жоларда “ISI импакт фактори” деган иборани ҳам учратса булади. Бу ибора худди ўша JIF’ни англатади.
JIF кўрсаткичи 1960 йилларда ISI таъсисчиси ва лингвист олим Южин Гарфилд (Eugene Garfield) тарафидан ишлаб чиқилган ва бир неча ўн йиллардан бери ривожлантириб келинмоқда. Aслида бу кўрсаткич оддий каср кўринишида ҳисобланади. Махражида икки йиллик даврда чоп этилган мақолалар сони, тепасида эса ўша икки йилдан кейинги бир йил давомида махражидаги мақолаларга бериглан иқтибослар сони туради. Яъни 2020 йил июн ойида чоп этилган JCR’га, 2019 йил давомида 2017-2018 йилларда чоп этилган мақолаларга берилган иқтибослар асосида хисболанган JIF’лар киритилган. Шуни айтиб ўтиш керакки 2021-йилдан бошлаб JIF’ни ҳисоблаш методологиясига ўзгартириш киритилади. Бу ҳакида Clarivate Analytics яқинда эълон қилди. Тўлиқ маълумотни қуйидаги хужжатдан топсангиз булади:
Йиртқич журналлар эса методологияси аниқ ва шаффоф бўлмаган, баъзида эса ҳеч қандай методологияга таянмаган қалбаки ‘импакт фактор’ кўрсаткичларини бехабар тадқиқотчиларга сотишга уринади. Қисқа перспективада шундай журналларда жуда қисқа вақтда чиқарган мақолангизнинг сизга қандайдир фойдаси бўлиши мумкин. Масалан, қалбаки импакт факторли журналда мақола чиқариб PhD ҳимоя қилиб олиш ёки пул мукофоти олиш мумкин. Лекин узоқ муддатли перспективада, тадқиқотчи олимнинг энг катта неъмати, энг муҳим бойлиги бу унинг олим сифатида обрўси, репутацияси ҳисобланади. Йиртқич журналда мақола чиқарганингиз туфайли обрўйингизга доғ тушса уни ювиб юборишингиз осон бўлмайди. Ҳаттоки, бундай доғ сизнинг келажакдаги илмий фаолиятингиз ва карьерангизга ўта жиддий зарар этизиши мумкин. Шунинг учун биз сохта импакт факторлардан огох булишингизни ва бундай йиртқич журналлардан узоқ юришингизни тавсия қилиб қоламиз.
Бефарқ бўлмаган дунё олимлари аллақачон шубҳали импакт факторларни синчковлик билан ўрганиб чиқиб, илмий ҳамжамиятни бундай иллат ҳақида огоҳлантириб келишмоқда. Шу жумладан, қуйидаги жадвалда алдамчи импакт фактор кўрсаткичлари рўйхати берилган.
Илмий журнал сифатини курсатадиган алдамчи ўлчамлар
No. | Алдамчи курсаткич номи | URL |
1 | Advanced Science Index | http://journal-index.org |
2 | African Quality Centre for Journals (AQCJ) | http://www.aqcj.org |
3 | Cite Factor | http://www.citefactor.org |
4 | Council for Innovative Research | http://cirworld.org |
5 | Directory of Indexing and IF | http://www.diif.org |
6 | Einstein Inst. for Scientific Information | http://journalimpactfactor.co.in |
7 | General Impact Factor (GIF) | http://generalimpactfactor.com |
8 | The Global Impact & Quality Factor (GIF) | http://globalimpactfactor.com |
9 | Impact Factor (JCC) | http://www.journal-metrics.com |
10 | Impact Factor Journals | http://www.impactfactorjournals.com |
11 | Institute for Science Information | http://isi-thomsonreuters.com |
12 | International Impact Factor Services (IIFS) | http://impactfactorservice.com |
13 | International Scientific Indexing (ISI) | http://isindexing.com |
14 | International Scientific Institute (ISI) | http://www.scijournal.org |
15 | ISRA: Journal Impact Factor (JIF) | http://www.israjif.org |
16 | Journal Impact Factor (JIF) | http://jifactor.com |
17 | Journal Influence Factor | http://www.journalsconsortium.org |
18 | The Journals Impact Factor (JIF) | http://jifactor.org |
19 | Open Academic Journals Index | http://oaji.net |
20 | Scientific Indexing Services | http://sindexs.org |
21 | Scientific Journal Impact Factor (SJIF) | http://www.sjifactor.com http://www.sjifactor.inno-space.net |
22 | Universal Impact Factor (UIF) | http://www.uifactor.org |
Манба: M.Dadkhah, A.G.Borchardt, B.T.Maliszewski (2017). “Fraud in Academic Publishing: Researchers Under Cyber-Attacks”, The American Journal of Medicine, 130(1):27-30.
Ундан ташқари, қуйидаги саҳифада ҳам бу муаммога оид батафсил маълумот олишингиз мумкин:
Агар юқоридаги манбаларда келтирилган кўрсаткичларига дуч келсангиз, ундай илмий нашрлардан йироқ бўлинг, ва ёдингизда бўлсин: нуфузли журнал чегирма ёки сертификат таклиф қилиб “акция” қилмайди. Бизни кузатиб боринг. Kелгусида сизга кўп фойдали маълумотларни бериб борамиз.
И.Қорабоев, Н.Юсупов
ЖУРНАЛЛАР РЎЙХАТИ
11/02/2021
ilmiy-nashrlar-royxati